Шубҳали тарзда ғойиб бўлган ХХР мудофаа вазири ишдан олинди
Олам
−
24 Октябрь 2023
12927Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин мудофаа вазири Ли Шанфуни лавозимидан четлаштириш ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар бермоқда.
2023 йил 24 октябрь куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитасининг олтинчи сессияси бўлиб ўтди. Хитой Халқ Республикаси Раисининг 14-сонли фармонида айтилишича, Ли Шанфу Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси ва миллий мудофаа вазири лавозимидан озод этилган. Янги вазир тайинланиши ҳали эълон қилинмаган.
Хитой мудофаа вазири сўнгги марта 29 август куни Пекинда бўлиб ўтган 3-Хитой-Африка тинчлик ва хавфсизлик форумида нутқ сўзлаганида омма олдида кўринган эди. Шундан сўнг, у изсиз ғойиб бўлди.
“Financial Times” газетаси ўз манбаларига таяниб, Ли Шанфу ўз лавозимидан четлаштирилган бўлиши мумкинлигини ва у тергов қилинаётганини даъво қилди. Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлигининг расмий вакиллари бу вазият ҳақида ҳеч нарса билмасликларини айтган.
Асосий миллий байрам – 1 октябрда нишонланадиган Хитой Халқ Республикаси ташкил топган кун шарафига ташкил этилган тантанали қабулда Ли Шанфу ҳам қатнашмаган.
LiveБарчаси