Шри-Ланкада фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Олам
−
18 Июль 2022
9609Шри-Ланка ҳукумати оролда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Тегишли фармонни Шри-Ланка Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазир Ранил Викрамасингхе имзолади.
Осиё ОАВларининг ёзишича, фармон мамлакат расмий газетасида кечаси эълон қилинган ва 18 июль куни эрталаб кучга кирган.
Ҳужжатда таъкидланишича, фавқулодда ҳолат “жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини муҳофаза қилиш ҳамда жамият ҳаёти учун зарур бўлган таъминот ва хизматларни сақлаш мақсадида” жорий этилган.
Шри-Ланкадаги вазият
Шри-Ланкада бир неча ойдан бери нархларнинг кўтарилиши, озиқ-овқат ва ёқилғи етишмаслиги сабаб норозилик намойишлари ўтказилаётганди. Кундалик товарлар кескин қимматлашиб, инфляция даражаси 50 фоиздан кўтарилиб кетганди.
Шунингдек, мамлакатда валюта захиралари деярли тугагани сабабли бошқа давлатлардан товар сотиб олиш учун етарли маблағ қолмаганди. Электр тармоғидаги узилишлар ҳам одатий ҳолга айланиб қолган. Дори-дармон етишмаслиги соғлиқни сақлаш тизимини инқироз ёқасига олиб келган.
Қолаверса, автобус, поезд ва тиббий транспорт каби муҳим хизматлар учун ёқилғи етишмовчилиги жиддий тус олган. Мактаблар ёпилган ва одамлардан ресурсларни тежашга ёрдам бериш учун уйдан ишлашлари сўралган.
Шри-Ланка май ойида ўзига керакли товарларни хориждан харид қила олмагани билан бирга, тарихида биринчи марта ташқи қарзи бўйича тўловни амалга ошира олмай, банкротликка учради.
Маълумотларга кўра, ҳозирда ҳукуматининг 51 миллиард доллардан ортиқ ташқи қарзи бор, унинг 6,5 миллиард доллари Хитойга тўғри келади ва икки давлат қарзни қандай қайтариш бўйича музокаралар олиб бормоқда. G7 давлатлари Шри-Ланканинг қарз тўловларини камайтиришга уринишларини қўллаб-қувватлашини айтган.
Шри-Ланка ҳукумати, шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси билан 3 миллиард доллар ажратиш борасида музокаралар олиб бормоқда.
Жаҳон банки Шри-Ланкага 600 миллион доллар қарз беришга рози бўлган. Бундан ташқари, Ҳиндистон қўшнисига камида 1,9 миллиард доллар кредит таклиф қилган.
16 июль куни Шри-Ланка парламенти Президент Готабая Ражапаксанинг истеъфога чиққани расман эълон қилинди. Ҳозирда президент вазифасини Бош вазир Ранил Викрамасингхе бажармоқда.
LiveБарчаси