Шовқин қилганлар учун жарима кескин оширилади

Жамият

image

Ўзбекистонда фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузганлик учун жарима миқдори оширилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 10 сентябрь куни қабул қилинган “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.

Қонунга кўра, бундай ҳуқуқбузарлик учун фуқароларга 3-5 БҲМ, мансабдор шахсларга эса 15 БҲМгача жарима солинади.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддасига (маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш) ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда. Унга кўра, иш кунлари соат 23:00 дан 07:00 гача, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари эса 22:00 дан 09:00 гача белгиланган меъёрдан ортиқ шовқин чиқариб, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайди.

Бундай ҳуқуқбузарлик учун фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 15 баравари миқдорида жарима солинади.

Агар ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрорланса, фуқароларга 5-7 БҲМ, мансабдор шахсларга эса 15-20 БҲМ миқдорида жарима белгиланади.

Шунингдек, шовқиннинг белгиланган меъёрлардан юқори бўлишига йўл қўйган транспорт воситалари учун ҳам жавобгарлик кучайтирилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддасига (транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) киритилган ўзгартишга кўра, шовқин даражаси белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларини бошқариш ҳам ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланади.

Қонунда фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган шовқин манбалари ҳам санаб ўтилган. Улар қаторига уй-жойлардаги маиший фаолият, қурилиш ишлари ва техникаси, ишлаб чиқариш корхоналари, транспорт воситалари, оилавий тадбирлар, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари, кўнгилочар объектлар ҳамда пиротехникадан фойдаланиш натижасидаги шовқинлар киритилган.

Кўп қаватли уйларда ва уларга туташ ҳудудларда қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари вақтида меъёрдан юқори шовқин чиқарадиган манбалардан соат 09:00 дан 18:00 гача фойдаланиш мумкин. Дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари эса бундай ишларга йўл қўйилмайди.

Қонунга кўра, белгиланган нормадан ортиқ шовқинга мунтазам равишда йўл қўяётган объектлар фаолияти ҳам тўхтатиб турилиши мумкин. Бундай объектлар фаолияти ваколатли давлат органи ёки Ички ишлар вазирлиги томонидан 10 иш кунидан кўп бўлмаган муддатга, 10 иш кунидан ортиқ муддатга эса суд тартибида тўхтатиб турилиши мумкин.

Шунингдек, шовқиннинг зарарли таъсири натижасида етказилган зарар учун суд тартибида компенсация ундириш ҳам мумкин.

Ҳужжатга кўра, қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда иш кунлари соат 23:00 дан 07:00 гача ва дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари соат 22:00 дан 09:00 гача фуқароларнинг осойишталигини бузишга йўл қўйилмаслиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг