Диққат! Аҳолини шовқин билан безовта қилиш тақиқланган вақт белгиланди
Жамият
−
19:02 2968 2 дақиқа
Ўзбекистонда иш кунлари соат 23:00 дан 07:00 гача ва дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари соат 22:00 дан 09:00 гача фуқароларнинг осойишталигини бузишга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда кеча, 9 сентябрь куни қабул қилинган “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.
Қонунга кўра, одамни сезиларли даражада безовта қилмайдиган, инсон организмининг функционал тизимларида ва шовқинга сезгир бўлган аъзоларида жиддий ўзгаришларга олиб келмайдиган ҳамда санитария қоидалари ва нормаларида белгиланадиган шовқин даражаси шовқиннинг йўл қўйиладиган даражаси ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи.
Шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан юқори, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган шовқинлар жумласига қуйидагилар киради:
- турар жой бинолари ҳудудида инсонларнинг маиший, уй-хўжалик фаолияти натижасида юзага келадиган шовқин;
- қурилиш майдонларидаги меҳнат фаолияти туфайли ҳамда қурилиш техникаси ва транспорт воситаларидан юзага келадиган шовқин;
- турли тоифадаги транспортларнинг ишлаши ва ҳаракатланиши натижасида юзага келадиган шовқин ва бошқалар.
Қонунда белгиланган тартибда қуйидаги вақт оралиғида шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ортиқ шовқин чиқариш орқали фуқароларнинг осойишталигини бузишга йўл қўйилмайди:
- иш кунлари соат 23.00 дан 07.00 гача;
- дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари соат 22.00 дан 09.00 гача.
Шовқиннинг зарарли таъсири натижасида етказилган зарар учун суд тартибида компенсация ундирилиши мумкин.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Live
Барчаси