Ўзбекистонда шовқинни ўлчовчи радарлар пайдо бўлиши мумкин. Бу нега керак?
Жамият
−
29 Январь 2022
9947Ўзбекистонда шовқинни ўлчовчи радарлар ўрнатилиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган миллий қонунчилик ҳамда жорий амалиётни ўрганиш натижалари фуқаролар ва жамиятни шовқиндан ҳимоя қилиш соҳасида қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатган.
Хусусан, бугунги кунга қадар мамлакатимизда зарарли шовқин таъсирига қарши курашиш масалаларини тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.
Мисол учун, “Автомобил транспорти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ автотранспорт воситалари хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш, экология, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик талабларига, шунингдек, стандартлар ва техник шартларга мувофиқлик сертификатига эга бўлиши керак.
Айни пайтда, “тунги вақт” бўйича ягона тушунча мавжуд эмас, масалан, ушбу вақт Меҳнат кодексининг 122-моддасига мувофиқ – соат 22:00 дан 06:00 гача, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддасига мувофиқ – 23:00 дан 06:00 гача, “Турар жой биноларида, жамоат бинолари ва уй- жой қурилиши худудларида рухсат этиладиган шовқин меъёрларидан ошмаслигини таъминлашга қўйиладиган санитария қоидалари ва нормалари”га (СанПиН 0267-09-сон) мувофиқ эса – 23:00 дан 07:00 гача деб белгиланан.
Таъкидланишича, ушбу соҳада маълум илмий изланишлар мавжуд эмаслигини ҳам таъкидлаш зарур. Маълумотларга кўра, сўнгги 20 йил ичида шовқин соҳасида фақат битта кенг қамровли тадқиқот ўтказилган.
“Бир қатор хорижий мамлакатларда шовқинга қарши кураш махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Мисол учун, Японияда 1968 йилги “Шовқинни тартибга солиш тўғрисида”, Америка Қўшма Штатларида 1972 йилги “Шовқинни назорат қилиш тўғрисида”, Буюк Британияда 1996 йилги “Шовқин тўғрисида” қонунлар мавжуд”, дейилади вазирлик маълумотида.
Қайд этилишича,Германияда транспорт ҳаракати шовқинига қарши курашда йўллар четидаги шовқин даражасини аниқлаш ускуналаридан фаол фойдаланилади.
Францияда автоматик фото-видеокамералар шовқин даражаси кучли бўлган автомашинани таниб олиш, автоматик равишда суратга олиш ва унинг рақамини ўқиш қобилиятига эга шовқин радарлари билан жиҳозланган, ушбу тизим автотранспорт эгасига жарима тўлаш зарурлиги ҳақида хатни автоматик равишда юборади.
Вазирлик ўрганиш натижасида инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан бўлган шовқинга қарши курашни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиққан. Хусусан:
• шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашишни янада пухта ва аниқ тартибга солиш;
• рухсат этилган шовқин даражасига аниқлик киритиш;
• белгиланган даражадан ортиқ шовқин таъсири учун товон тўлашнинг ҳуқуқий механизмини яратиш.
Мазкур тавсияларни амалга киритиш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, ривожланган хорижий давлатлар мисолида автомобиль йўлларида шовқин баландлигини ўлчаш асбобларини ўрнатиш имкониятларини ўрганиш тавсия этилиб, шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашиш соҳасидаги умумий вазиятни яхшилаш бўйича бошқа таклиф ва ташаббуслар ҳам масъул идораларга тақдим этилган.
LiveБарчаси