Шов-шув бўлаётган Пандора ҳисоботидан Ўзбекистон сенаторининг ҳам номи чиқди
Жамият
−
05 Октябрь 2021
74913Халқаро журналистлар консорциуми (ICIJ) дунё раҳбарлари, уларнинг шериклари, амалдорлар ва ишбилармонларнинг офшор схемаларга жалб қилингани ҳақидаги Пандора ҳужжатларини чоп этгани ҳақида хабар бергандик. Терговга 150 та оммавий ахборот ташкилотининг 600 дан ортиқ журналистлари жалб қилинган.
Ҳужжатларда Ўзбекистон ҳам тилга олингани маълум бўлди. Архив маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги баъзи тадбиркорлар Ирландия ва Буюк Британияда рўйхатдан ўтган фирмаларини офшор компания сифатида ишлатади. Бу ҳақда “The Irish Times” хабар берган.
Таъкидланишича, 2017 йили Президент қарорига кўра Сирдарё вилоятида пахтачилик-тўқимачилик кластери ташкил этилган. Шундан сўнг, “Mirzaobod universal trade cluster” МЧЖ хусусий корхонаси, “Trontex LP” (Буюк Британия) ва “Gratum Trading LP” (Буюк Британия) хорижий компаниялари иштирокида МЧЖ шаклидаги “Bek Cluster” қўшма корхонаси ташкил этилган.
“Trontex LP” ва “Gratum Trading LP” 2016 йили Шотландияда рўйхатдан ўтган.
Маълумотларга кўра, ҳар икки компаниянинг улушлардаги шериклари юридик манзили Болгария бўлган 41 ёшли Даниэль Милчев Петков ва эстониялик 41 ёшли Зерар Горен. Таъкидланишича, бу шахслар номинал шерик сифатида рўйхатдан ўтган.
Айни пайтда “Mirzaobod universal trade cluster” МЧЖ акцияларининг 87,4 фоизи сенатор Улуғбек Сотиболдиевга тегишли.
Аввалроқ, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг сайловолди кампаниясига ҳисса қўшган атоқли донор Европа тарихидаги энг йирик можаролардан бирига аралашгани, у Тelia компаниясининг Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги фаолиятида оффшор битимларни тузиш ва амалга оширишда айбланаётгани ҳақида хабар бергандик.
Маълумот ўрнида, Pandora Papers – сизиб чиққан 12 миллионга яқин ҳужжат бўлиб, улар дунё раҳбарлари, сиёсатчилар ва миллиардерларнинг махфий бойликлари ҳамда яширин келишувларини ошкор этади.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь