Шошилинч хабар: Ўзбекистонда яна уч кишида коронавирус аниқланди
Жамият
−
16 Март 2020
55866Жорий йилнинг 15 март куни соат 06:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус билан хасталанган илк бемор аниқланган эди. Бугун, 16 март куни соат 00:52 да Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавирусга чалинган яна уч бемор аниқланганини хабар қилди. Қайд этилишича, янги беморлардан икки нафари – коронавирусни юқтириб олган биринчи ўзбекистонликнинг фарзандлари.
"Айни пайтда эпидемиологик суриштирув ҳамда касалликни тарқалиб кетмаслиги учун барча профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда. Назорат кучайтирилмоқда", дейилади ССВ хабарида.
Маълум қилинишича, бемор билан бирга мулоқотда бўлган барча оила аъзолари ҳам республика Вирусология илмий текшириш институти клиникаси ётқизилган. Мутахассислар томонидан уларга тиббий назорат ўрнатилиб, ихтисослашган лаборатор таҳлилдан ўтказилган. Таҳлил натижалари беморнинг ўғли ва қизида коронавирус инфекцияси борлигини кўрсатган.
Шу йилнинг 15 март куни соат 05:15 да "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпаниясига қарашли Истанбул – Тошкент йўналишидаги 274- рейс билан келган Ўзбекистон фуқаросида ҳам ушбу инфекция аниқланган.
Лаборатор таҳлил республика Вирусология илмий текшириш институтида ўтказилган. Ҳозирда шифокорлар ва мутахассислар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даволаш ва эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.