ШКТР ТДТ ва ИҲТда кузатувчи мақомига эга эмас, у қабул қилинмаган – эксперт
Олам
−
13 Ноябрь 2023
53742022 йилнинг 11 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) саммитида Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР) ташкилотда кузатувчи мақомини олмаган. Самарқандда имзоланган ҳужжатда эса ШКТРнинг кузатувчи бўлиши кўрсатилмаган. Бу ҳақда ўзбекистонлик сиёсатчи, профессор Сайфиддин Жўраев QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида маълум қилди.
Гап шундаки, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Самарқандда ўтган саммитда Анқарадан бўлак дунёнинг ҳеч бир мамлакати тан олмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркий Давлатлар Ташкилотига кузатувчи бўлиб қўшилганини айтди ва бунинг учун ташкилот давлатлари раҳбарларига миннатдорлик билдирди.
2022 йилнинг 16 ноябрь куни Туркий Давлатлар Ташкилотининг Бош котиби лавозимини эгаллаган Кубаничбек Омуралиев “Анадолу” агентлигига берган интервьюсида ШКТРнинг ТДТга кузатувчи бўлиб кирганини тасдиқлади.
Орадан кўп ўтмай, QALAMPIR.UZ жамоаси Истанбулда, Туркий Давлатлар Ташкилотининг Бош штаб-квартирасида бўлиб, ташкилот биносида бошқа аъзо ва кузатувчи давлатлар қаторида Шимолий Кипр Турк Республикасининг ҳам байроғи илинганига гувоҳ бўлди.
2023 йилнинг март ойида Ташкилотнинг Туркия пойтахти Анқарада ўтган навбатдан ташқари саммитида эса ШКТР президенти Эрсин Татар бошқа Президентлар қаторида иштирок этди. Ўша саммитда Эрдўған шундай деди:
“Шимолий Кипр Турк Республикасининг бизга қўшилиши билан оила кенгашимиз янада кучайди. Ташкилот ўлароқ биз Кипр Турк халқига кучли ва қатъиятлилигимизни намоён этдик. Кипр Турк халқини қўллаб-қувватлаймиз. Шимолий Кипр Турк Республикасининг тан олиниши ва кипрлик турк биродарларимизга қўйилган чекловларнинг бекор қилиниши учун курашимизни давом эттирамиз”, дейди Эрдўған.
Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилотининг 10-саммити бўлиб ўтди. Унда ШКТР президенти Эрсин Татар кўриниш бермади. Ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар байроқлари қаторида эса ШКТРнинг байроғи йўқ эди. Аммо ушбу йиғинда Эрдўған Туркий Давлатлар Ташкилотига кузатувчи бўлган ШКТР энди Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида ҳам кузатувчи мақомини олишини айтди.
9 ноябрь куни Тошкент Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) 16-саммитига мезбонлик қилди. Унда иштирок этиш учун ШКТР президенти Эрсин Татар Тошкентга келди, саммитда иштирок этди ҳам. Фақат у бошқа Президентлар билан бир столда эмас, балки орқа қатордан ўрин олди. Саммит ўтказилган жойда ШКТРнинг байроғи кўринмади. Эрсин Татар Тошкентда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Анвар ул-Ҳақ Какар, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Хусрав Нозирий билан учрашув ўтказди. Ушбу учрашувлар ҳақида томонлар берган расмий ахборотларда ШКТРнинг ИҲТда кузатувчи мақомини олгани айтилди.
Юқоридаги фактларга қарамай, сиёсатчи, профессор Сайфиддин Жўраев QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида икки ташкилот – Туркий Давлатлар Ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига ШКТР кузатувчи ўлароқ қабул қилинмаганини, бу фақат Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг истаги эканини айтяпти.
“Реал ҳаракат шундан иборатки, ҳали қабул қилингани йўқ. Самарқанд саммитида раис Ўзбекистон бўлган ва расмий тасдиқланган ҳужжатда бу масала йўқ”, дейди Сайфиддин Жўраев.
У Остонада ўтган саммитда ШКТРнинг ИҲТда кузатувчи мақомини олганига муносабат билдираркан, шундай деди:
“Мен билган ҳужжатларда, мен ўз кўзим билан кўрган шароитда бу нарса йўқ. Лекин бир нарса аниқ, Туркия томони шу таклифни киритиб келяпти. Туркиянинг бу ва бошқа таклифларни киритиши табиий хол. Худди қабул қилингандек етказиш – бу зид. Чунки у [ШКТР] қабул қилинмаган ҳали. Ҳатто, Самарқанддан кейин G20 нинг саммити бўлди. Ўша ерда ҳам Эрдўған “қабул қилинди”, деб айтди. Бу Туркиянинг, Эрдўғаннинг таклифи, ташаббуси. Лекин бу масалада қарор қабул қилингани йўқ”.
Ушбу видеоинтервьюни QALAMPIR.UZ'нинг YouTube саҳифасида ёки қуйидаги видеоплеерда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь