Шимолий Кореяда Россия учун снаряд қолмади – разведка
Олам
−
17 Ноябрь 2025 4928 2 дақиқа
Шимолий Корея ўз иттифоқчиси Россияга артиллерия снарядлари юборишни кескин камайтирди. Бунга Шимолий Корея захираларининг “таги кўриниб қолгани” сабаб бўлган. Бу ҳақда “RBC Ukraine” нашри хабар берди.
Украина ҳарбий разведкаси мулозими Вадим Скибицкийга кўра, Шимолий Корея ўқ-дорилари 2024 йилда Россияга фронт чизиғи бўйлаб шиддатли ҳужумларни амалга оширишга имкон берган. Бироқ жорий йилда етказиб бериш ҳажми ярмидан кўпроққа камайган.
Маълум қилинишича, 2023 йилдан буён Пхеньян иттифоқчисига тахминан 6,5 миллион дона артиллерия снаряди етказиб берган. Аммо жорий йил сентябрь ойида Шимолий Кореядан умуман жўнатма қайд этилмаган. Октябрда эса таъминот қисман тикланган. Мулозим, шунингдек, охирги партияда юборилган ўқ-дорилaрнинг тақрибан ярми эскириб кетгани боис Россия заводларига юборишга тўғри келганини қайд этган.
Бундан ташқари, Скибицкий Шимолий Корея FPV дронлари ва ўрта масофали учувчисиз учиш қурилмаларини оммавий ишлаб чиқара бошлаганини таъкидлаган.
“Улар (корейслар) уруш тажрибасини ўрганиб, шу асосда ўз ҳудудида ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда”, дейди у.
Аммо бу ҳаммаси эмас. Россия “Shahed” дронларини йиғиш учун Шимолий Кореядан 12 минг ишчи жалб қилишни режалаштираётгани ҳақида ҳам хабарлар мавжуд. Улар Татаристонда жойлашган корхонага олиб келиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия армияси ва Украина Қуролли кучлари ўртасида жанглар бўлиб ўтган Курск вилоятида Шимолий Корея сапёрлари минадан тозалаш ишларини бошлаганди.