Шимолий Корея Россияга юзлаб баллистик ракеталар жўнатмоқда – АҚШ
Олам
−
11 Апрель 2025 5175 2 дақиқа
Шимолий Корея ҳукумати рус армиясига юзлаб қисқа масофали баллистик ракеталар ва юз минглаб артиллерия снарядларини етказиб бермоқда. Бу ҳақда АҚШ Ҳинд-Тинч океани қўмондони адмирал Самуэль Папаро Сенат Қуролли кучлар қўмитасига берган баёнотида сўз очди.
Унга кўра, Шимолий Кореянинг Россияга қурол-яроғларни етказиб беришни кенгайтиргани минтақавий барқарорликка тобора кўпроқ таҳдид солмоқда.
Самуэль Папаронинг қўшимча қилишича, Шимолий Корея Украинадаги Россия кучларини қўллаб-қувватлаш учун минглаб, балки юз минглаб артиллерия снарядлари ва юзлаб қисқа масофали ракеталар юборган.
“Бунинг эвазига Пхеньян илғор ҳаво ҳужумидан мудофаа ускуналари, жумладан, ер-ҳаво ракета тизимларини олиши кутилмоқда”, дейди қўмондон.
Унинг сўзлари икки режим ўртасидаги ҳарбий мувофиқлаштиришни чуқурлаштириш бўйича янгиланган хавотирлар фонида пайдо бўлди.
Декабрь ойида Россияда поездлар карвони Шимолий Корея томонидан ишлаб чиқилган ўрта масофага мўлжалланган “Pukguksong-2” (KN-15) баллистик ракетасининг учириш мосламасига ўхшаш транспорт воситаларини олиб кетаётгани аниқланган эди.
Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари март ойининг охиригача Шимолий Кореяга қурол-яроғ етказиб беришнинг навбатдаги раунди кутилаётгани ҳақида хабар берган эди. Юклар орасида KN-23 қисқа масофали баллистик ракеталари, шунингдек, 122 миллиметрли ва 152 миллиметрли артиллерия снарядлари – Россия кучлари томонидан ҳали ҳам кенг қўлланилаётган совет давридаги тизимларга мос келадиган ўқ-дорилар борлиги айтилган.
КХДРнинг Украина урушидаги иштироки
Шимолий Корея ўтган йил кузида Россияга ҳарбийлар юборган эди. Украина разведкаси маълумотларига кўра, уларнинг сони 10-12 минг киши атрофида бўлган. Улар Курск вилоятидаги жангларда иштирок этмоқда. Йўқотишлар сабабли КХДР қўшинлари вақтинча фронт чизиғидан олиб чиқилган, бироқ кейинчалик Россия уларни яна жангга ташлаган.
ОАВ хабарига кўра, Шимолий Корея Россияга аскар юбориш эвазига Москвадан бир неча турдаги дронларни ишлаб чиқиш учун техник ёрдам олмоқда. Жанубий Корея ҳарбийларининг маълумотларига кўра, январь ва февраль ойларида КХДР Россияга яна тахминан 3 минг аскар юборган.
Live
БарчасиЭрдўған Саудияга борди
03 Февраль
Путин “қора шаҳзода” билан телефонлашди
03 Февраль
Қашқадарёда ЙПХ машинаси ёниб кетди
03 Февраль