Шифокорга стул отган талабага нисбатан жиноят иши қўзғатилди
3-саҳифа
−
22 Ноябрь 2023
7590Аввалроқ Тошкент шаҳридаги шифохоналардан бирида талаба йигит шифокорга стул отгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар 7-сон клиник шифохонасида содир бўлган ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
“Ички ишлар органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, безорилик моддаси билан малакаланган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.
Ушбу воқеа бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган муносабатига кўра, шифокор томонидан бемор вирус этиологияли ринофарингит ёки инфекцион мононуклеозга гумон қилиниб, вирусолог-мутахассис кўригига юборилган. Бундан эса у ва яқинлари норози бўлиб, шифокорга ўта қўпол муносабатда бўлган ва унга қарата стул отган.
LiveБарчаси