Бухорода 17 ёшли “кўча”лар тўдаси ушланди (видео)
3-саҳифа
−
18 Май 4455 2 дақиқа
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг тезкор қидирув тадбирида Бухоро шаҳрида спорт билан шуғулланувчи бир гуруҳ бухоролик вояга етмаганларнинг “уюшган тўда”си фаолияти тугатилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда қайд этилишича, ижтимоий тармоқлар орқали ўзаро гап талашиб қолган ёшлар масалани ҳал қилиб олиш мақсадида Бухоро шаҳрининг Самарқанд кўчасида учрашув белгилаган. Белгиланган жойга борган жабрланувчиларни 10-15 нафардан иборат ёшлар гуруҳи кутиб олиб, улар билан жанжаллашган. Гуруҳ аъзолари жабрланувчиларни шафқатсизларча дўппослаб, уларнинг бошқарувида бўлган оқ рангли Nexia автомашинасига жиддий шикаст етказган ҳамда воқеа жойидан яширинишган. Шу билан бирга, жанжал давомида айрим гумонланувчилар ўзлари билан олиб келган кастет кўринишидаги совуқ қуролдан фойдаланиб, жабрланувчиларга жароҳат етказганлиги ҳам аниқланган.
Билдирилишича, ушбу жиноятларнинг келиб чиқишига 2009 йилда Бухоро шаҳрида туғилган Ҳаётов Самандар Ҳамид ўғли ҳамда Турсунов Музаффар Илҳом ўғли асосий сабабчи бўлган. Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида мазкур жиноятга алоқадор жами 13 нафар гумонланувчи шахс аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “а” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида мактаб ўқувчилари ва бошқа одамларни қўрқитиб келган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинган эди.
Live
Барчаси