Шавкат Мирзиёев ЕТТБ банки президенти билан учрашди
Жамият
−
22 Январь 1534 2 дақиқа
Бугун, 22 январь куни Давосдаги тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда ушбу етакчи молия институти билан стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган.
Банкнинг мамлакат билан ҳамкорлиги барқарор стратегик тусга эга. Ўзбекистон ЕТТБнинг минтақадаги энг йирик ҳамкори бўлиб қолмоқда. Банкнинг инвестициялари ҳажми қарийб 7 миллиард долларга етган. 2025 йилда амалиётлар, шу жумладан, хусусий секторга йўналтирилган маблағларнинг ҳажми 1 миллиард доллардан ошган.
ЕТТБнинг “яшил” энергияни ривожлантириш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, экологик дастурларни амалга ошириш, молия бозорини ислоҳ қилиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси юқори баҳоланган.
Жорий йил учун ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан, хусусий сектор ва инфратузилмани ривожлантириш, темирйўл транспортини рақамли трансформация қилиш ҳамда бошқа масалалар белгилаб олинган.
Аёллар ва ёшларни замонавий касблар ва бизнесга ўқитиш бўйича дастурларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Швейцариянинг Давос шаҳрида “Тинчлик кенгаши” низомини имзолаш маросимида иштирок этгани ҳақида хабар берилган эди. Бу орқали Ўзбекистон уни таъсис этган давлатлардан бирига айланди. АҚШ Президенти Дональд Трамп раислигида ўтган тадбирда Аргентина, Арманистон, Баҳрайн, Болгария, Индонезия, Иордания, Марокаш, Мўғулистон, Озарбайжон, Парагвай, Покистон, Қатар, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Туркия, Венгрия ва бошқа давлатлар раҳбарлари, Бош вазирлари ва Ташқи ишлар вазирлари ҳам қатнашган.
Live
Барчаси