Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев учрашуви ўтказилди
Жамият
−
14 Октябрь 2019
6912Бугун, 14 октябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг еттинчи саммитида иштирок этиш учун Озарбайжонга учиб кетган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бакуга келгач, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашди.
Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиб, бу борада биринчи галдаги вазифаларни белгилаб олдилар.
Мамлакатлар етакчи компаниялари ва тадбиркорлари даражасида ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш, шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа устувор тармоқларда кооперацияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки томонлама ҳукуматлараро комиссия фаолиятини жонлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлари делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.
Илҳом Алиев Шавкат Мирзиёевни ЎзбекистонТуркий тилли давлатлар кенгашига қўшилгани билан табриклаб, бу, шубҳасиз, икки томонлама муносабатларни, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга янги суръат бағишлашини қайд этди.
Ўзбекистон раҳбари саммит юксак даражада ташкил этилганини алоҳида таъкидлади ва Озарбайжоннинг ташкилотда муваффақиятли раислик қилишини тилади.
Учрашув якунида Президентлар кўп асрлик дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини тасдиқладилар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикаси Президентлари ўртасидаги борди-келдиларнинг охиргисига жорий йилда 8 йил тўлди. Сўнгги бор Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев 2010 йилнинг 27-28 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Илҳом Алиев ташрифи доирасида Тошкентда Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази очилди. Марказни Президент Алиев ва Шавкат Мирзиёев очиб берганди.
Ўзбекистон Республикаси раҳбарининг Озарбайжонга сўнгги ташрифи эса 2011 йилнинг 11-12 сентябрь кунларига тўғри келган. Ташриф доирасида Баку шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали очилган эди.