Шавкат Мирзиёев Туркияга боради
Жамият
−
06 Август 2019
10156Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилда Туркия Республикасига боради. Бу ҳақда бугун, 6 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Туркия Республикаси Президентининг Анқара шаҳридаги Президент қароргоҳида ўтказилган учрашувида сўз борган.
Ўзбекистон ва Туркия ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ҳамраислигидаги Қўшма стратегияни режалаштириш гуруҳининг биринчи йиғилишида ҳамда Туркия Республикаси элчиларининг XI йиллик конференциясида иштирок этиш учун Анқара шаҳрига келган Абдулазиз Комилов Президент Эрдўған билан Ўзбекистон раҳбарининг Туркияга ташрифини муҳокама қилган.
Қайд этлишича, жорий йилда Анқара шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари раислигида Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилади. Айни вақтда мазкур тадбирга тайёргарлик жараёнлари бормоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон-Туркия муносабатларида янги саҳифа очилди. 2016 йилнинг ноябрь ойида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқди.
Айниқса, икки давлат раҳбарларининг 2018 йилнинг 30-31 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистонда ўтказган учрашувлари тарихий муносабатларда янги аҳамият касб этди. Бунда 24 та ҳужжат имзоланди.
Абдулазиз Комилов ва Ражаб Тойиб Эрдўған учрашувида олий даражадаги мунтазам Ўзбекистон – Туркия мулоқоти, икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлар билан шаклланган ишонч, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш муҳити давлатлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам асос ҳисобланиши қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасида телефон орқали сўнгги мулоқот жорий йилнинг 24 июль куни бўлиб ўтган эди.
LiveБарчаси