Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони билан бирдамлигини билдирди
Жамият
−
02 Март 3284 1 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги вазият сабабли Саудия Арабистони раҳбарияти ва халқи билан бирдамлигини маълум қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Саидовга кўра, у Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилган. Суҳбат чоғида Яқин Шарқдаги мураккаб вазият атрофлича муҳокама қилиниб, унинг хавфсизлик ва иқтисодий барқарорликка таъсири юзасидан фикр алмашилган.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг Саудия Арабистони раҳбарияти ва халқига йўллаган бирдамлик сўзларини етказдик”, дейди Саидов.
Шунингдек, мулоқот давомида минтақада кескинликни пасайтириш, ишончни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида дипломатик саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Эрон Президенти Масъуд Пезешкиёнга Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти муносабати билан таъзия изҳор этилган мактуб йўллагани ҳақида хабар берилган эди.
Қайд этиш жоиз, бунгача Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги вазият туфайли Қатар, Қувайт ва Бирлашган Араб Амирликлари халқига ҳамдардлик билдирган ҳамда Уммон султонлигини ва Иорданияни қўллаб-қувватлаган эди.
Live
Барчаси