Шавкат Мирзиёев Россия Соғлиқни сақлаш вазирини қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 28 май куни Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон билан Россия ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Давлат раҳбари бугунги хавф-хатарларлар илғор халқаро тажриба асосида самарали соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва замонавий технологияларни жорий этиш нақадар муҳим эканини яна бир бор кўрсатганини алоҳида таъкидлаган. Пандемияга қарши курашишда кўрсатилган кўмак, шу жумладан аҳолини эмлашда амалга оширилаётган самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирилган.

“Устувор йўналишларда, шу жумладан онкология, гематология, вирусология, нефрология, трансплантология, фармакология ва бошқа соҳалардаги қўшма дастур ва аниқ лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. “Электрон соғлиқни сақлаш” тизимини жорий қилиш ва телемедицинани кенг ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Юқори малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш борасидаги яқин шерикликни давом эттириш, жумладан, Тошкент шаҳрида Россиянинг етакчи Н.И.Пирогов номидаги тиббиёт университети филиалининг фаолиятини тез фурсатда ташкил этиш, шунингдек, Россиянинг етакчи клиникалари негизида врачлар алмашиш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолаб, Россия ўзбекистонлик шериклар билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги кенг кўламли тизимли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда тиббиётнинг турли соҳаларида замонавий билимлар ва илғор тажриба билан бўлишишга тайёр эканини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент

Баҳолаганлар

45

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг