Шавкат Мирзиёев Покистонда фахрий доктор ва профессор бўлди

Жамият

image

Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ва профессори унволарини бериш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, Бош вазир Шаҳбоз Шариф Ўзбекистон раҳбарига бу ҳақдаги тегишли сертификатни топширган.

Ушбу унвонлар Ўзбекистон етакчисининг ижтимоий-иқтисодий ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар, мамлакатни изчил модернизация қилиш, фан ва технологияларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик ҳамда академик алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун берилган.

Маросимда Шавкат Мирзиёев Покистон Бош вазири, университет раҳбарияти ва академик ҳамжамиятига юксак унвонлар учун миннатдорлик билдириб, таълим соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассисларни биргаликда тайёрлаш муҳимлигини таъкидлаган.

1991 йилда ташкил этилган Миллий фан ва технологиялар университети илмий изланишлар ва инновацион фаолият, магистр ва докторларни тайёрлаш ҳамда саноат ва иқтисодиёт эҳтиёжларига мўлжалланган амалий тадқиқотларни олиб бориш каби йўналишларни ўзида мужассам этган.

Эслатиб ўтамиз, айни дамда Шавкат Мирзиёев давлат ташриф билан Покистон бўлиб турибди. Ўзбекистон етакчиси ташриф доирасида “Глобал саноат ва мудофаа ечимлари” компаниясининг бош қароргоҳига ташриф буюриб, Мудофаа кучлари Олий Бош қўмондони – Қуролли кучларнинг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони, фельдмаршал Асим Мунир билан учрашув ўтказгани ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дорни қабул қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Покистон Бош вазирининг қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ва Шаҳбоз Шариф тор доирада музокара ҳамда олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказди ва Исломободдаги кўчалардан бирига Тошкент ва янгидан барпо этиладиган боғга Заҳириддин Муҳаммад Бобур номини бериш маросимида қатнашди. Шу билан бирга, олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва  Шаҳбоз Шариф Қўшма декларацияни имзолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Шаҳбоз Шариф Стратегик ҳамкорлик кенгаши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг