Шавкат Мирзиёев ICESCO директорига орден берди

Жамият

image

Бугун, 10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси I Халқаро форумида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим ал-Маликни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбоут хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ушбу нуфузли институти ўртасида кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Халқаро тузилма билан амалий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган.

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ICESCO кафедраси фаолият юритмоқда. Жорий йилда Тошкентда ташкилотнинг офиси очилган. Февраль ойида Ислом олами маданий мероси қўмитасининг навбатдаги йиғилиши якунларига кўра, мамлакатнинг 7 та моддий ва номоддий мерос объекти ICESCO рўйхатига киритилган.

Мулоқотда маданий ёдгорлик ва қўлёзмаларни реставрациялаш, муҳофаза қилиш ҳамда рақамлаштириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий меросини халқаро медиа платформалари орқали кенг тарғиб қилиш, шунингдек, қўшма тадбирлар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти мамлакат халқининг бой маданий меросини кенг оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун Салим ал-Маликни юксак мукофот – “Дўстлик” ордени билан тақдирлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозодага мусулмон дунёси илм-фанига қўшаётган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистоннинг “Эл-юрт ҳурмати” орденини топширганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг