Шавкат Мирзиёев АҚШ Конгресси сенаторини қабул қилди

Жамият

image

Бугун, 3 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Конгресси сенатори, Сенатдаги Марказий Осиё бўйича кокус ҳамраиси Стив Дэйнсни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашув аввалида АҚШ сенатори давлат раҳбари ва халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

Сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорликни ҳар қачонгидан ҳам юқори даражага кўтаришга эришилгани, мулоқотлар ва делегациялар алмашинуви жадал суръат касб этгани мамнуният билан қайд этилган.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва саноат йўналишларида йирик лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.

Ҳудудлар ўртасида, хусусан, сенатор вакили бўлган Монтана штати билан алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларига алоҳида урғу берилди.

“С5+1” форматидаги ҳамкорлик ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрига ташрифи доирасида АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилганди.  


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг