Шанхайдан учган самолёт бортидаги жанжал сабаб Тошкентга қўнди
Жамият
−
30 Октябрь 2023
24739Шанхайдан Франкфуртга учган самолёт бортдаги жанжал сабаб Тошкент халқаро аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” АЖ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 30 октябрь куни Германиянинг Lufthansa авиакомпаниясининг Шанхайдан Франкфуртга учаётган LH729 йўловчи рейси икки йўловчининг жанжали туфайли Тошкент халқаро аэропортидаги муқобил аэродромга келиб қўнган.
Экипаж самолёт олдига ҳуқуқ тартибот органлари ходимларини чақиришни сўраган. Шундан сўнг жанжал кўтарган йўловчилар рейсдан олиб ташланган.
Аниқлик киритилишича, Тошкент вақт билан 17:32 да фавқулодда қўнишни амалга оширган Boeing 747-800 нинг бортида 206 нафар йўловчи бўлган. Ҳаво кемаси орадан 3 соат ўтгач – 20:36 да Тошкентдан белгиланган манзилига учиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Москвадан Тошкентга учган самолёти бортида 45 ёшли эркак вафот этган эди.