Шафқатсизликни тарғиб қилувчи ахборотни тарқатиш 89 млн сўмга тушиши мумкин

Жамият

image

Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи ахборотни оммавий ахборот воситаларида тарқатганлик учун жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваригача (айни вақтда 89,2 млн сўм) жарима солиш таклиф қилиняпти.

Кеча, 14 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи ахборотни оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштирганлик учун ҳам жавобгарликни белгилаш кўзда тутилмоқда.

Кодекснинг амалдаги таҳририга кўра, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш ҳаракатлари учун эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Янги қонун лойиҳасига кўра, бундай ҳаракатлар учун жарима миқдорини ошириш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан тўрт юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан тўрт юз эллик бараваригача миқдорда жарима солиш ҳақидаги меъёрни киритиш таклиф этилмоқда.

Амалдаги қонунчиликда шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга қаратилган ёлғон ахборотни ишончли маълумот кўринишида била туриб телекоммуникация, интернет тармоқларига жойлаштирган шахс тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган. Таклиф этилаётган лойиҳада эса шахс шундай ҳаракатлари учун муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин 1 йил давомида такроран содир этсагина жиноий жавобгарликка тортилиши назарда тутилмоқда.

Шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштириш орқали тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қайд қилинмоқда.
 


Мақола муаллифи

Теглар

жарима

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг