Шаҳзода Инфантинони “шантаж”да айблади

Спорт

image

Иордания футбол ассоциацияси (ИФА) президенти шаҳзода Али бин Ал-Ҳусайн FIFA президенти Жанни Инфантинони шантажда айблади. У бу ҳақда ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.

Шаҳзода Алининг даъво қилишича, FIFA Иордания футболига оид бир қатор масалаларда ёрдам беришдан бош тортган ва кейинчалик ушбу муаммоларнинг ҳал этилишини Инфантинонинг қайта сайланишини қўллаб-қувватлаш билан боғлаган.

Унинг айтишича, гап мухлислар учун виза масалалари, Иордания терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионати билан боғлиқ солиқ харажатлари ҳамда Араб миллатлари кубоги соврин пулларини тўлашдаги кечикишлар ҳақида кетмоқда.

Шаҳзода Али Иордания Жанни Инфантинонинг қайта сайланишини қўллаб-қувватлаш ниятида эмаслигини ҳам таъкидлади.

“Футболга кўмак кўрсатишни сиёсий қўллаб-қувватлаш билан боғлашни мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Биз Иорданияда ахлоқий қадриятларга қатъий амал қиламиз. Биз аввал ҳам Инфантинони қўллаб-қувватламаганмиз ва ҳозир ҳам қўллаб-қувватламаймиз. Чунки бу вазиятни очиқчасига шантаж деб баҳолаймиз ва бундай босимга бўйсунмаймиз”, дейди у.

Шаҳзоданинг сўзларига кўра, Иордания терма жамоаси АҚШда ўйнагани учун FIFA орқали Қўшма Штатлар ҳукуматига солиқ тўлаган.

“Бу аслида футболчилар ва мураббийлар штабига тегиши керак бўлган маблағлардир. Канада ёки Мексикада йиғин ўтказиб, ўйинларда қатнашган жамоалар бундай муаммога дуч келмади. Аммо биз АҚШда ўйнаганимиз учун катта солиқ харажатларини тўлашга мажбур бўлдик” дея ёзади Али бин Ал-Ҳусайн.

Жанни Инфантино атрофидаги можаро сўнгги кунларда янада кучайди. Аввалроқ FIFA’нинг Жаҳон чемпионати тижорат ҳуқуқларининг бир қисмини сотиш режаси муваффақиятсизликка учраганидан сўнг, унга нисбатан танқидлар кескин ортган эди. Шунингдек, бир қатор миллий футбол федерациялари ҳам Инфантинонинг яна бир муддатга қайта сайланишини қўллаб-қувватламаслигини очиқ эълон қилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг