Шавкат Мирзиёев Иордания подшоҳи билан учрашди

Local

−

image

Бугун, 6 ноябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган Ақаба жараёни учрашуви доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакат етакчиси дунёда янги таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги кунда Иордания подшоҳи ташаббуси билан йўлга қўйилган ушбу платформа тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаган.

Учрашувда икки давлат ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари, шу жумладан, олий даражада эришилган келишувларнинг бориши муҳокама қилинган.

Сўнгги йилларда ўзаро ташриф ва мулоқотлар жадал тус олгани мамнуният билан таъкидланган. Ҳаво қатновлари йўлга қўйилган, Ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилиши ўтказилиб, Ишбилармонлар кенгаши таъсис этилган.

Суҳбат давомида ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни жадаллаштиришга келишиб олинган.

Ўзбекистон ва Иордания етакчилари бўлажак олий даражадаги икки томонлама тадбирлар режаси ҳамда кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends