Сеулда карантин чоралари кучайтирилади
Олам
−
23 Ноябрь 2020
4668Эртага, 24 ноябрдан бошлаб Корея Республикаси пойтахти Сеулда коронавирус тарқалишига қарши чоралар кучайтирилади. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар берилган.
Республикада охирги беш кунликда COVID-19 га чалиниш билан боғлиқ 300 дан кўп ҳолат қайд этилган. Улардан 200 дан ортиғи пойтахт минтақасига тўғри келган.
Чораларни кучайтириш бўйича қарор мактаб ўқувчилари 3 декабрда топширадиган давлат имтиҳони арафасида қабул қилинган.
Қарорга кўра, пойтахтда бир жойга 100 дан зиёд одамнинг тўпланиши тақиқланади. Клублар, барлар, караоке-заллар ва бошқа тунги муассасалар ёпилади.
Ресторанлар соат 21:00 гача очиқ бўлади, ундан кейин фақат уйга етказиб бериш ва олиб кетиш хизмати амал қилади.
Кафелар фақат уйга олиб кетиш ва етказиб бериш хизмати учун ишлайди. Фитнес-марказлар ҳам 21:00 дан кейин ёпилади.
Шунингдек, давлат компаниялари ходимлари яна масофадан ишлашни бошлайди, хусусий корхоналарга ҳам ходимларини масофадан ишлашга ўтказиш тавсия этилади.
Муассасалар ташриф буюрувчиларни аввалдан рўйхатга киритиши шарт бўлади, ёпиқ иншоотларда эса ниқоб тақиш мажбурий ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Сеулда коронавирус инфекциясининг учинчи тўлқини бошлангани хабар қилинган эди.
Маълумот ўрнида, кеча, 22 ноябрь куни Кореяда 302 кишида коронавирус аниқланган. Касалланганларнинг умумий сони 31 минг 4 кишига етган. 509 нафар бемор вирус қурбони бўлган.
LiveБарчаси