Сенаторлар “тонировка” учун “штраф”ни пасайтиришни ўйламаяптими?
Жамият
−
19 Ноябрь 2021
6450Аввал хабар берганимиздек, бугун, 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида қатор йўл-ҳаракати қоидабузарлиги учун жарималарни камайтириш тўғрисидаги қонун маъқулланди.
Жарима масаласи кўтарилганда автомобиллар ойнасини рухсатсиз қорайтирганлик учун белгиланган жаримани камайтириш ҳам ёдга олинади. Тўғри-да, машинанини ҳаддан ташқари юқори тезликда бошқариш ва ойналарни қорайтириб ҳайдаш йўл ҳаракати учун бирдек хавфли эмас-ку. Устига устак, пулини тўласа, “тонировка”га ҳам чеклов йўқ. Хўш, қонунчилар тонировка учун ҳам жаримани камайтиришни режа қилганми? QALAMPIR.UZ шу савол билан Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаровга юзланди.
“Албатта, бу бугунги қабул қилинган қонунимизнинг предмети эмас. Кўряпсиз, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарни либераллаштириш кўзда тутиляпти. Аҳоли кўп эътироз билдиряпти. Ҳақиқатан, жарималар катта эди.
“Тонировка” масаласи ҳам кичкина муаммога ўхшайди. Лекин бу ҳам йўл ҳаракатига хавф соладиган омил ҳисобланади. Айниқса, ёғингарчилик вақтларида “тонировка”ли машинада юриб кўринг, бизга ўхшаган ёши катталар қийналади. “Тонировка”нинг салбий тарафлари ҳам бор. Шунинг учун тонировкага Ўзбекистон шароитида иқлимга қараб енгиллик киритилди. Буёғини ҳаёт кўрсатади”, дейди сенатор Наримон Умаров.
Унинг таъкидлашича, агар йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари йиллик қоидабузарликларни таҳлил қилиб, шунинг асосида зарурат бор деб топса, “тонировка” учун жарималар ҳам қайта кўриб чиқилади.
“Тонировка” ҳаракат хавфсизлигига таҳдид қилмаса, жаримага ҳам солинмас, пули борми, тўласин. Лекин дунёда “тонировка” йўл ҳаракатига салбий таъсир кўрсатадиган омиллардан бири ҳисобланади. Асосий мақсад ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш. Вақти соати келиб, буни ҳам қайта кўриш зарурати бўлади”, дейди Умаров.
Эслатиб ўтамиз, сенаторлар бугун маъқуллаган қонун билан маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, мақбуллаштириш мақсадида 5 та модда санкцияси миқдори камайтирилмоқда.
Маълумот учун, Маъмуриф жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига биноан тегишли рухсатномасиз машина ойнасининг тусини ўзгартирганлик учун БҲМнинг 25 бараваридан 40 бараваригача жарима жазоси белгиланган.
LiveБарчаси