“Семиз чўчқалар партияси”. Маск Трамп билан яна жанжаллашди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп ва миллиардер Илон Маск орасидаги можаролар яна алангаланди. Бу сафар уларнинг тортишуви Трамп илгари сурган янги бюджет қонун лойиҳаси туфайли юзага келди. Маск Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Президентни кескин танқид қилди.

“Ушбу қонун лойиҳаси бўйича ақлга сиғмайдиган харажатлар инобатга олинса, биз аслида битта партияли мамлакатда яшаяпмиз – бу семиз чўчқалар партияси”, деб ёзди у.

Маскнинг айтишича, АҚШда халқ манфаатларини ҳимоя қиладиган янги сиёсий партия тузиш вақти келган.

Дональд Трамп эса олдинроқ ўзининг Truth Social тармоғидаги саҳифасида Маскни эслатиб ўтиб, у давлатдан олган субсидиялар эвазига тириклигини билдирган.

“Маск мени президентлик сайловида қўллаб-қувватлашидан анча олдин ҳам мен мажбурий электромобиль сиёсатига қарши чиққанман. Электромобиллар ёмон эмас, лекин одамларни уларни олишга мажбурлаш кулгили. Илон тарихдаги энг катта субсидия олган инсон бўлиши мумкин. Агар субсидиялар бўлмаганида, у аллақачон ўз дўконини ёпиб, Жанубий Африкага қайтиб кетган бўларди”, деб ёзди Трамп.

У ҳатто ҳазил аралаш тарзда шундай дея қўшимча қилган:

“Агар Маскнинг фаолиятини тўхтатсак – ракета учириш, сунъий йўлдошлар, электромобиль ишлаб чиқариш – мамлакат катта миқдорда маблағ тежайди. Балки DOGE'дан бу борада жиддий текширув ўтказишни сўрашимиз керакдир?”

Можаронинг сабаби

Трампнинг Илон Маск қарши чиқаётган “One Big Beautiful Bill” номли бюджет қонуни катта миқдордаги солиқ имтиёзларини ўз ичига олади ва давлат қарз лимитини 5 триллион долларга оширишни назарда тутади. Шунингдек, Маскдан ташқари олти нафар Нобель мукофоти совриндори бўлган иқтисодчилар ушбу қонун лойиҳасига қарши очиқ хат ёзиб, унинг оқибатлари борасида хавотир билдирган.

Эслатиб ўтамиз, май ойининг охирида Илон Маск ўзининг ҳукумат билан боғлиқ лавозимини тарк этганини эълон қилган ва Трампга миннатдорлик билдирган эди. Трамп ҳам жавоб тариқасида унга миннатдорлик билдирган. Аммо Маск лавозимидан кетгач, Трампнинг қонун лойиҳасига бўлган танқидларини кескинлаштирди.

Ушбу можаро давомида Маск Трампга импичмент эълон қилиш ва ҳокимиятни витсе-президент Жей Ди Вэнсга топшириш таклиф этилган постни ҳам ретвит қилган. ОАВ хабарига кўра, бу жанжал ортидан Илон Маск бир кун ичида тахминан 34 миллиард доллар бойлигини йўқотган. Кейинчалик, Маск ижтимоий тармоқларда пост қолдириб, Трамп билан зиддиятга киришганини “хато” деб тан олди. Россия Давлат Думаси спикерининг ўринбосари, “Янги одамлар” партияси вакили Владислав Даванков эса Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Илон Маск Россия Ташқи ишлар вазирлигидан сиёсий бошпана сўраганини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Илон Маск

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг