Саудиянинг икки йирик банки бирлашишга келишди. Бирлашган компания назорати валиаҳд шаҳзодага берилади

Олам

image

Саудия Арабистонининг йирик банки National Commercial Bank (NCB) ва унинг рақобатчиси Samba Financial Group бирлашишга келишиб олди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар тарқатди.

NCB Samba`нинг ҳар бир акцияси учун 28,45 риёл (7,58 доллар) тўлайди. Келишув суммаси 55,7 млрд риёл (деярли 15 млрд доллар) деб баҳоланяпти. NCB акциядорларига бирлашувдан кейин ҳосил бўлган компаниянинг 67,4 фоиз, Samba’га эса 32,6 фоиз акцияси тегишли бўлади.

Саудия банкларининг бирлашиши 2020 йилдаги энг йирик қўшилиш бўлади. Янги молиявий гуруҳнинг умумий активлари ҳажми 220 млрд долларга тенг бўлади. Бу уни Форс кўрфазидаги учинчи кредиторга айлантиради. Бирлашган компаниянинг бозор капитализацияси 46 млрд долларни ташкил қилади. Бу кўрсаткич минтақадаги энг йирик банк Qatar National Bank QPSC капитализацияси билан тенг.

“Bloomberg” маълумотига кўра, NBC ва Samba`нинг бирлашуви Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмаон ал-Сауд 2016 йилда эълон қилган давлат дастурининг муҳим банди ҳисобланади. Дастур мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш, нефть маҳсулотларига оғлиқликни камайтириш ва хизмат кўрсатиш, туризм, инфратузилма, рекреацион соҳани ривожлантиришга қаратилган.

NBC директорлар кенгаши раиси Саид Ал Ҳамдийнинг айтишича, янги миллий стратегия иқтисодиёт диверсификациясини молиялаштиришга қодир бўлган кучли молиявий секторни талаб қилади. Таъкидланишича, валиаҳд шаҳзода бошчилигидаги давлат инвестиция жамғармаси 37,2 фоиз улуш билан бирлашган NBC-Samba компаниясининг энг йирик акциядори бўлади.

Бирлашув янги компанияга йилига 800 млн риёл (213 млн доллар) даромад келтириши кутиляпти. Келишув 2021 йилнинг биринчи чорагида якунланади ва компания раҳбариятида ўзгаришлар бўлишига олиб келади. Ал-Ҳамдий гуруҳнинг бошқарувчи директори бўлади, Samba`нинг амалдаги раиси Аммар ал-Худайри бирлашган банкка раҳбарлик қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони молия National Commercial Bank

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг