Саудия Европани ҳусийларга қарши урушга тортмоқчи – “Bild”
World
−
09:38 610 2 minutes
Саудия Арабистони Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳусийларга қарши янги ҳарбий операцияга тайёргарлик кўрмоқда ва бунга Европа мамлакатларини жалб қилишга умид боғламоқда. Бу ҳақда “Bild” нашри хабар берди.
Журналистларга маълум бўлишича, Ар-Риёд Франция ва Буюк Британиядан ҳарбий ёрдам кутмоқда. Бундан ташқари, Саудия разведкасининг собиқ раҳбари Турки бин Файсал Ал Сауд Германияни ҳам ҳусийларга қарши курашга қўшилишга чақирган. Унинг айтишича, Европа давлатлари минтақавий табиий ресурслар ва савдо йўлларидан фойдаланар экан, минтақа барқарорлигида уларнинг шахсий манфаатдорлиги бор.
“Минтақанинг хомашё ресурсларидан наф кўраётган ҳар бир томон тинчлик ва хавфсизликка ўз ҳиссасини қўшиши керак”, дейди Турки.
Бир неча ой илгари Саудия Арабистони Арабистон яримороли ва Боб ал-Мандаб бўғозини ҳарбий ҳимоя қилиш ҳамда мониторинг қилиш тизимини яратишни таклиф этган эди. Бироқ Туркининг сўзларига кўра, ўшанда ҳеч бир Европа давлати ушбу ташаббусга қўшилмаган.
У Европа ушбу йўналиш хавфсизлигидан бевосита манфаатдор эканини қайд этган. Боб ал-Мандаб бўғози орқали Сувайш каналига, ундан кейин эса Европа мамлакатларига йўл оладиган кемалар ўтади.
Шу билан бирга, Саудия Арабистони ҳусийлар билан қарама-қаршиликда бир қатор давлатлардан ёрдам олмоқда. Туркининг айтишича, Франция тегишли тадбирларда иштирок этмоқда, Буюк Британия эса самолётларни ҳавода ёнилғи билан тўлдиришга ёрдам бермоқда. Миср, Покистон ва Туркия ҳам таъминот, ўқ-дорилар ва разведка маълумотлари соҳасида қўллаб-қувватламоқда.
Саудия вакили халқаро савдо йўллари хавфсизлигини таъминлаш фақат АҚШнинг масъулияти бўлиб қолмаслиги кераклигини урғулаган.
“Бунда бутун дунё иштирок этиши керак”, дейди у.
Жорий йилнинг ноябрь ойида Ар-Риёдда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ва Европа Иттифоқининг учрашуви ўтказилиши режалаштирилган. Турки томонлар қарийб 30 йилдан бери музокаралари давом этаётган савдо битимини ниҳоят имзолай олишларига умид қилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, бундай келишув томонлар ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда биринчи қадам бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ямандаги Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Эрон қўллаб-қувватлайдиган ҳусийлар томонидан Риёд томон учирилган икки дронни ушлаб қолганини маълум қилганди. Шунингдек, Яман Вакиллар палатаси онлайн мажлисда Яман Президентлик кенгаши етакчиси Рашад ал-Алими томонидан ҳусийларга қарши туриш учун умумий сафарбарлик эълон қилиш бўйича киритилган илтимосномани маъқуллаган эди.