Саудия шаҳзодаси арабларнинг Исроилга қарши урушга қўшилиши ҳақида гапирди
Олам
−
10 Декабрь 2023
31107Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири, шаҳзода Файсал бин Фархон ал-Сауд араб давлатларининг ғазоликларга ёрдам бериш учун Исроилга қарши ҳарбий аралашувини истамаслигини айтиб ўтди. Бу ҳақда у "PBS NewsHou" телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
У араб давлатлари Ғазо можаросига ҳарбий аралашувни Исроилнинг ҳарбий амалиётларини тўхтатиш чораси сифатида кўрмайди, деб ҳисоблайди.
"Биз таҳдид, зўравонликларга қарши яна зўравонлик билан жавоб беришни истамаймиз. Ваҳшийлик ечим эмас", деган у.
Шаҳзода вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган.
"Биз ушбу можародан чиқиш йўлини топишимиз керак. Биринчи навбатда Ғазодаги оғир гуманитар вазиятни ҳал қилишга имкон берадиган сулҳ тузилиши керак, деб ўйлаймиз", деган шаҳзода.
У АҚШнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюциясига вето қўйиш қарори ҳақида изоҳ билдирар экан: "Ғазодаги воқеалар ҳар қандай тарзда ҳам асоссиз қирғиндир”, деган ва Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳақидаги баҳонаси ўзини оқламаслигига ишора қилган.
Шунингдек, шаҳзода Ғазода болаларнинг қурбон бўлаётганидан қайғуда эканлигини ҳам билдириб, ҳарбий кампаниянинг давом этиши барча иштирокчилар, шу жумладан Тель-Авив манфаатларига ҳам зарар келтиришини айтган.
Аввалроқ, ҲАМАСга қарши шиддатли урушда араб давлатлари Исроилни яширинча бўлса ҳам қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги хабар берган эдик.
LiveБарчаси