Саудия Макка осмонида ҳусийлар дронини йўқ қилди
Олам
−
18:47 696 2 дақиқа
Бугун, 30 октябрь куни Саудия Арабистони Макка шаҳри яқинида Ямандаги ҳусийлар томонидан учирилган дронни тутиб, йўқ қилганини маълум қилди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Саудия бошчилигидаги коалиция вакили генерал-майор Туркий ал-Моликийнинг айтишича, дрон Макка шаҳри атрофида ушлаб қолинган. Макка Ислом динининг энг муқаддас шаҳри бўлиб, у ерга ҳар йили миллионлаб зиёратчилар боради.
Бироқ ҳусийлар ҳарбий вакили Яҳё Сари Маккага ҳужум уюштирилганини рад этган. Унинг айтишича, гуруҳнинг ҳарбий амалиётлари Саудия Арабистонининг нефть объектлари ва ҳарбий базаларига қаратилган.
Қайд этилишича, Саудия Арабистони аввал ҳам Макка ва Мадина томон йўналтирилган ракета ҳамда дронларни тутиб қолганини билдирган. Ҳусийлар эса ҳар икки шаҳарни нишонга олганини бир неча бор инкор этган.
Маълумот учун, бугун, 30 октябрь куни Ҳормуз бўғозида ҳам танкерга ҳужум содир бўлган. Буюк Британия денгиз савдо операциялари бошқармаси маълумотига кўра, кичик қайиқдаги шахслар танкер корпусига иккита портловчи мослама ўрнатган. Портлаш оқибатида кема двигателлар бўлимида ёнғин чиққан. Экипаж аъзолари жабрланмаган, атроф-муҳитга зарар етмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳусийлар ҳаракати Саудия Арабистонидаги нефть иншоотлари, аэропортлар ва ҳарбий объектга қарши олтита ҳужум амалга оширгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси