Саудия Арабистони Ҳаж зиёратини амалга ошириш учун шартини очиқлади
Олам
−
02 Март 2021
11190Мусулмон зиёратчилар янги коронавирусга қарши эмланганидан кейингина Макка ва Мадинадаги муқаддас жойларга ташриф буюриб, катта ва кичик Ҳаж зиёратларида иштирок этишлари мумкин бўлади. Ушбу қарор Саудия Арабистони Ҳукумати томонидан қабул қилинди.
“Ҳажга боришнинг асосий шарти - бу янги коронавирусга қарши эмланиш”, дейилган мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Тавфиқ ар-Рабиянинг баёнотида.
Жорий йил катта Ҳаж июль ойининг иккинчи ярмига тўғри келади.
Ўтган 2020 йилда коронавирус пандемияси сабабли Ҳаж фақат 10 минг киши иштирокида бўлиб ўтган, улардан 30 фоизи саудияликлар, 70 фоизи мамлакатда яшовчи чет элликлар бўлган.
Чет элдан ташриф буюрувчиларнинг зиёрат қилишига йўл қўйилмаган. Махсус рухсатномаларни сурункали касалликларга чалинмаган, янги коронавирус вирусини юқтирмаган, илгари Ҳаж зиёратини ўтамаган ва карантин муддатига бардош беришга тайёр бўлган 20 ёшдан 50 ёшгача бўлган одамларга беришга устувор аҳамият қаратилган.
Улар орасида коронавирус келтириб чиқарган касалликдан қутулган шифокорлар ҳам бор бўлган.
Чет эл журналистларига Ҳаж зиёратини ёритиб боришга рухсат берилмаган.