Ўзбекистонга Ҳаж зиёрати учун қанча квота ажратилди?
Жамият
−
18 Февраль
10202“Ҳаж–2025” зиёрати учун Ўзбекистонга Саудия Арабистони томонидан 15 мингта квота ажратилди. Бу ҳақда бугун, 18 февраль куни Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Ҳаж ва Умра зиёрати вазирлиги ҳамда Ахборотлаштириш вазирлиги раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
“Жорий йилда Ўзбекистонга Ҳаж зиёрати учун ажратилган квота миқдори 15 мингтани ташкил қилади. Аммо Умра учун квоталар эркин бўлиб, маълум шартлар асосида исталган миқдордаги зиёратчи Ўзбекистондан ташриф буюриши мумкин. Мисол учун, ўтган йили Умра ибодатларини адо этиш учун Ўзбекистондан ярим миллион одам борган”, деди Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазири доктор Тавфиқ бин Фавзон Ар-Рабиъа.
Аммо 36 миллионлик аҳолига эга Ўзбекистон учун бу миқдор кам эмасми? Ахир 7,5 миллион аҳолиси бор қўшни Қирғизистонга 6060 та квота ажратилган. Бир неча йил олдин ҳам айни шу вазирлик раҳбари Ўзбекистон президенти билан учрашувда мамлакатга ажратилган квота миқдори 24 минг эканини айтганди.
“Биз бу миқдорни белгилашдан олдин Ўзбекистон томонининг мутасадди ташкилотлари билан бу борада гаплашамиз. Сўнгги келишувга биноан эса айнан шунча квота белгиланган”, деди Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра вазири.
Шунингдек, анжуманда Ўзбекистондан Умра ва Ҳаж зиёрати учун борувчилар миқдори сўнгги бир неча йилда 100 бараварга ошгани тилга олинди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган 2024 йилда ҳам Ўзбекистон фуқаролари учун умумий Ҳаж квотаси 15 000 нафар этиб белгиланганди.
LiveБарчаси