Ҳаж зиёратини адо қилаётган 14 нафар зиёратчи вафот этди
Олам
−
17 Июнь
37065Саудия Арабистонида Ҳаж амалларини ўтаётган камида 14 нафар Иордания фуқароси жазирама иссиқ оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Иордания Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Келтирилишича, яна 17 нафар киши бедарак йўқолган.
Эрон Қизил ярим ой жамияти беш нафар эронлик зиёратчи ҳам ҳалок бўлганини тасдиқлаган, бироқ улар қандай ҳалок бўлганига аниқлик киритмаган. Иордания расмийлари эса бедарак йўқолганларни қидириш ишлари давом этаётганини айтди.
Шунингдек, Иордания раҳбарияти ўз баёнотида Саудия Арабистони ҳукумати билан марҳумларнинг жасадларини оилалари хоҳишига кўра шу жойга дафн этиш ёки ўз юртига қайтариш тартиб-қоидаларини мувофиқлаштирганини маълум қилган. Саудия Арабистони расмийларининг айтишича, иссиқликни юмшатиш чоралари доирасида улар иқлим назорати остидаги кўплаб қулай ҳудудларни ташкил қилган. Сув тарқатиб, зиёратчиларга қуёшдан қандай ҳимояланиш ҳақида маслаҳатлар бериб боришмоқда. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, зиёратчиларни сувсиз қолмасликлари ва куннинг энг иссиқ вақтида соат 10:00 дан 16:00 гача очиқ ҳавода бўлмасликларини сўраган.
Маълумот учун, Ҳаж дунёдаги энг йирик оммавий йиғинлардан биридир. 2015 йилдаги Ҳаж зиёрати вақтида 2000 дан ортиқ одам вафот этган. 2023 йилда камида 240 киши ҳалок бўлган. 2024 йилда 1,8 миллиондан ортиқ зиёратчилар Ҳаж амалларини адо қилмоқда. Зиёрат 19 июнь куни якунланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонликлар учун қанча Ҳаж квотаси ажратилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Президент Администрацияси таркибида ва Ҳукуматда кўриниш бермаётган собиқ Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов айни вақтда Ҳаж амалларини бажараётгани айтилганди.
LiveБарчаси