Ҳажга юборишни ваъда қилган шахслар қўлга тушди
3-саҳифа
−
27 Май 3577 2 дақиқа
Сирдарё ва Фарғона вилоятида Ҳаж зиёратига юборишни ваъда қилиб, одамлардан пул олган шахслар қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма ишчиси бўлган, 1997 йилда туғилган шахс Боёвут туманида яшовчи 2 нафар фуқарони Саудия Арабистонига Ҳаж зиёратига юбориш эвазига 12 минг 800 АҚШ доллари олган вақтида ушланган. Терговга қадар текширув давомида мазкур турфирманинг 1980 ва 1994 йилларда туғилган 2 нафар ходими ҳам фуқароларнинг ишончига кириб, зиёратга юбориш баҳонасида уларнинг пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш механизмини жорий қилгани аниқланган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қонунбузарларнинг 2 нафарига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва улардан жабр кўрган бошқа фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Марғилон шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган шахс Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи фуқарони Ҳаж амалларини адо этиш учун муборак сафарга юбориш эвазига 11 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган шаҳрида 2 кишини Ҳаж сафарига юборишини айтиб, 13 минг 500 доллар талаб қилган фуқаро қўлга тушганди.
Live
Барчаси