Ҳаж зиёратига юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди
3-саҳифа
−
22 Май
4088Ўзбекистонда айрим шахслар томонидан фуқароларни Ҳаж зиёратига юборишни ваъда қилиб, уларнинг пул маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган сайёҳлик фирмасининг 2 нафар ходими маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, унинг ота-онасини Саудия Арабистонига Ҳаж сафарига боришлари учун талаб этиладиган виза ҳужжатларини тайёрлаб бериш ва уларни зиёратга юбориш эвазига 18 минг АҚШ доллари талаб қилишиб, 4500 АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги сайёҳлик фирмаси раҳбари Яшнобод туманида яшовчи фуқарони “Ҳаж 2024” мавсумида Саудия подшоҳлигига муборак сафарга юбориш эвазига 9500 АҚШ доллари талаб қилиб, 5700 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс ҳам Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида истиқомат қилувчи 2 нафар фуқарони сайёҳлик фирмаси орқали Ҳаж зиёратига юбориш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Фарғона шаҳридаги сайёҳлик фирмаси иш юритувчиси эса Тошлоқ туманида яшовчи фуқарони ва унинг 2 нафар вояга етмаган фарзандини 30 минг АҚШ доллари эвазига Ҳаж зиёратига юборишни ваъда қилиб, 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида яшовчи шахс ҳам Қува туманида истиқомат қилувчи фуқарони ва унинг ота-онасини Ҳаж амалларини бажаришлари учун сайёҳлик фирмаси орқали Саудия Арабистонига юбориш эвазига 16 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўзбекистонликлар учун Ҳаж тадбири Ўзбекистон Республикасининг Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади ҳамда бундай фаолият билан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди деб белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Саудия Арабистони томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, чет эл фуқаролари учун Ҳаж зиёратини адо этишнинг асосий шарти – Ҳаж визасига эга бўлиш ҳисобланади. Қолган барча турдаги визалар – умра, туризм, бизнес ва бошқалар билан Ҳаж зиёратига бориш тақиқланади. Тартибни бузган хорижлик Саудия Арабистонидан депорт қилиниб, ушбу мамлакатга 10 йил муддатга кириши тақиқланади ҳамда 50 минг Cаудия риёли миқдорида жаримага тортилади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 май куни Ўзбекистон фуқаролари учун умумий Ҳаж квотаси 15 000 нафар этиб белгиланганди.
Ҳабиб Жўрабоев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь