SAT сертификати эгаларига қўшимча грант шартлари эълон қилинди
Жамият
−
24 июн 3037 2 дақиқа
2026/2027-ўқув йилида абитуриентларни олий таълим ташкилотларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилишда “College Board” ташкилоти томонидан ўтказиладиган “Scholastic Aptitude Test – SAT” сертификатини қўллаш шартлари белгиланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, “Scholastic Aptitude Test – SAT” сертификатига (1200 ва ундан юқори балл) эга бўлган абитуриентлар учун қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари олий таълим ташкилотининг кундузги таълим шакли бўйича фанлар мажмуаси (таълим йўналишига мос иккита фан) “математика” ва “чет тили” фанлари бўлган бакалавриат таълим йўналишлари қабул параметрининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.
Бунда:
- қабул параметрининг 50 фоизи бутун сон бўлмаган ҳолатда ушбу бакалавриат таълим йўналишларида қўшимча қабул кўрсаткичи юқори сонга яхлитланган ҳолда белгиланади;
- рўйхатдан ўтишда фанлар мажмуаси сифатида “математика” ва “чет тили” фанларини танлаган ҳамда SAT сертификати 2026 йил 25 июнь кунига қадар (шу куни ҳам) DI код орқали Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига келиб тушган абитуриентларга белгиланган имтиёз татбиқ этилади;
- абитуриентларнинг SAT сертификати бўйича баллари уларни қўшимча давлат гранти асосидаги қабул параметрларига қабул қилишда асосий мезон ҳисобланади;
- абитуриентлар танлаган бештагача олий таълим ташкилоти, бакалавриат таълим йўналишига SAT сертификати бўйича баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида талабаликка тавсия этилади;
- ажратилган қўшимча қабул кўрсаткичининг қуйи чегарасидаги абитуриентнинг SAT сертификати бўйича балига ундан кейинги абитуриент(лар)нинг бал(лар)и тенг бўлиб қолган тақдирда, ушбу абитуриент(лар) ҳам ушбу бакалавриат таълим йўналишига талабаликка тавсия этилади;
- SAT сертификатига эга абитуриентларга ушбу имтиёздан фойдаланиш ёки имтиёздан фойдаланмасдан тест синови натижасига кўра умумий тартибда танловда иштирок этиш имконияти яратилади;
- SAT сертификатига эга, бироқ рўйхатдан ўтишда танлаган бештагача йўналишга талабаликка тавсия этилмаган абитуриентларга, вакант (бўш) қолган қўшимча грант жойларига кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилинган санадан бир ҳафтадан сўнг бир ҳафта муддат давомида қайта рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади;
- Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг қайдномалари ушбу абитуриентларни талабаликка қабул қилиш бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш учун асос бўлади.
Live
Барчаси