Саркисян Арманистон бошига тушган инқирозларнинг сабабини айтди
Олам
−
31 Март 2021
5466Арманистон Президенти Армен Саркисян мамлакат кўпвекторли инқироз ҳолатида эканлигини маълум қилди.
Унга кўра, бунинг сабаблари, хусусан, давлат аппарати ишининг самарасизлиги, урушдан кейинги вазият ва коронавирус пандемияси.
"Мамлакат иқтисодиёти чуқур инқирозни бошдан кечирмоқда. Иқтисодий инқироздан чиқиш учун давлат аппарати ва давлат самарали ишлаши керак, бу эса бугунги кунда юз бермаяпти. Аммо бу ягона инқироз эмас. Биз кўп векторли инқирозга дуч келмоқдамиз. Бу, шунингдек, урушдан кейинги вазият, Арцахнинг аксарият қисмини (Тоғли Қорабоғнинг арманча номи), минглаб ёшларнинг ҳаётини йўқотиш билан ҳам боғлиқ", деган Саркисян.
Президентга кўра, коронавирус пандемияси сабабли соғлиқни сақлаш тизимидаги инқироз ҳам мавжуд.
"Арманистонда пандемиянинг иккинчи тўлқини биринчиси каби хавфли кетмоқда. Жуда эҳтиёт бўлиш керак, чунки коронавирусдан вафот этганлар сони уруш пайтида (Тоғли Қорабоғдаги) вафот этганлар билан деярли тенг ва бу кўрсаткич ўсишда давом этмоқда", деган Президент.
Унинг таъкидлашича, инқироз ижтимоий соҳада, айниқса Тоғли Қорабоғ қочқинлари билан боғлиқ вазият фонида ҳам кузатилмоқда.
"Бундан ташқари, маънавий-психологик инқироз мавжуд. Бугунги кунда минглаб одамлар қандай қилиб чипта сотиб олиш, Россияга бориш ёки Америка визасини олиш ҳақида ўйламоқда", деган Саркисян.
Шунингдек, у инвестициялар муаммоси ҳақида гапирган, унинг фикрича, қийин шароитда Арманистон инвесторлар учун жозибали эмас.
Маълумот учун, Арманистондаги сиёсий инқироз мамлакат Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий можароларда Озарбайжондан енгилганидан бери давом этяпти. Инқироз февраль ойи охирида Арманистон Қуролли Кучлари Бош штаби Пашиняннинг истеъфосини талаб қилгач, кескинлашди. Ереванда ҳар куни Бош вазирнинг тарафдорлари ва унга қаршиларнинг намойишлари ўтказиляпти.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эса жорий йилнинг апрель ойида истеъфога чиқишини эълон қилган.
LiveБарчаси
АҚШ долларининг расмий курси пасайди.
27 Декабрь