Санкциялар сиёсати Марказий Осиёга салбий таъсир кўрсатмоқда – Мирзиёев
Жамият
−
17 Сентябрь
5652Санкциялар сиёсати Марказий Осиё мамлакатларига ҳаддан ташқари салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда бугун, 17 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев остонада ўтган “Марказий Осиё – Германия” иккинчи саммитида сўз очди.
“Можаролар ва урушлар, умуман, глобал миқёсдаги беқарорлик ва вазият қайси томонга ўзгариши ноаниқ бўлиб қолаётгани, санкциялар сиёсати, протекционизмнинг кучайиши ва бошқа кўплаб омиллар мамлакатларимизга ҳаддан ташқари салбий таъсир кўрсатмоқда, миллий ислоҳотларимизни амалга оширишда жиддий синовга айланмоқда”, деган Мирзиёев.
Шунингдек, Мирзиёев сўнгги йилларда Марказий Осиёда рўй бераётган чуқур, фундаментал ўзгаришлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
“Биз очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйдик, чегара, сув, энергетика, савдо, транзит билан боғлиқ кўплаб муаммоларни мустақил ҳал қиляпмиз”, дейди Ўзбекистон етакчиси.
Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев 9 август куни Остонада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида Украина атрофида ва Яқин Шарқда содир бўлаётган воқеалар минтақанинг барқарор ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатаётгани, анъанавий савдо ва транспорт занжирлари бузилгани, минтақа санкциялар сиёсатининг асирига айлангани, логистика харажатлари сезиларли даражада ошгани, инфляция босими кучайгани ва жаҳон капитал бозорида имкониятлар қисқариб, протекционизм кучайиб, янги-янги тўсиқлар пайдо бўлаётганини маълум қилганди.