Биз санкциялар сиёсатининг асирига айландик – Мирзиёев
Жамият
−
09 Август
20231Марказий Осиё ўзининг геосиёсий жойлашуви туфайли глобал ишонч инқирози ва можаролар кескинлашувининг барча салбий оқибатларини тўлиқ бошдан кечирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 9 август куни Остонада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида сўз очди.
“Украина атрофида ва Яқин Шарқда содир бўлаётган воқеалар минтақанинг барқарор ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмоқда. Анъанавий савдо ва транспорт занжирлари бузилди. Биз санкциялар сиёсатининг асирига айландик, логистика харажатлари сезиларли даражада ошди, инфляция босими кучаймоқда. Жаҳон капитал бозорида имкониятлар қисқармоқда, протекционизм кучайиб, янги-янги тўсиқлар пайдо бўлмоқда”, деган Мирзиёев.
Унинг айтишича, минтақа барқарорлигининг муҳим омили ҳисобланган қўшни Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши билан боғлиқ масалалар халқаро кун тартибида иккинчи даражага тушиб қолган.
“Шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, Марказий Осиёнинг бугуни ва келажаги, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги кўп жиҳатдан умумий саъй-ҳаракатларимизга, яқиндан ҳамкорлик қилиш, қатъий чоралар кўриш ва минтақа манфаатларини биргаликда илгари суришга тайёрлигимизга боғлиқ”, дейди у.
Президентнинг сўзларига кўра, Ташқи сиёсат идоралари томонидан стратегик ҳужжат – Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.