Санъаткорларга Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти унвонлари топширилди
Маданият-санъат
−
23 Август
30858Кеча, 22 август куни Тошкент шаҳридаги Форумлар саройида Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентларининг фахрий унвонларни бериш тўғрисидаги тегишли Фармонларига кўра, Фаррух Зокировга Озарбайжон халқ артисти ва озарбайжонлик Пўлат Булбулўғлига Ўзбекистон халқ артисти фахрий унвонларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов Фармонларни ўқиб эшиттирган. Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Озарбайжон Маданият вазири Адил Каримли томонидан фахрий унвонлар тантанали топширилган.
“Фахрий унвонлар топширилгандан сўнг, тадбирга таклиф этилган маданият ва санъат соҳаси вакиллари сўзга чиқиб, икки қардош халқ санъаткорларини олқишлади. Тадбир давомида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар қатори маданият ва санъат соҳасида ҳам мустаҳкамланаётганлиги, дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб, мутлақо янги босқичга кўтарилаётганлиги таъкидланди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, икки давлатнинг маданият ва санъат соҳасида халқаро алоқаларни янада ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йил ҳисобида 20-26 январь кунлари Бакуда “Ўзбекистон маданияти кунлари” ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистонда 10-14 июнь кунлари “Озарбайжон маданияти кунлари” ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Фаррух Зокировга “Халқ артисти” фахрий унвонини бериш тўғрисида фармон имзолаганди. Пўлат Булбул ўғли эса Озарбайжоннинг Москвадаги элчиси вазифасида ишлаб келаётганди ва яқинда миссиясини якунлаганди.