Самолёт бортида туғилган халқ артисти вафот этди
Маданият-санъат
−
20 Февраль
19808Собиқ Совет республикаларида катта шуҳрат қозонган, Ўзбекистон телевидениеси ва радиоси халқ чолғу асбоблари ансамбли солисти, Озарбайжон ва Тожикистон халқ артисти Лайло Шарипова кеча, 19 февраль куни 94 ёшида Германияда вафот этди. Бу ҳақда тожикистонлик журналист Одил Нозир ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
Эътиборлиси, тожик эстрадаси асосчиларидан бири, машҳур “Гулшан” ансамбли ташкилотчиси Лайло Шарипова 1930 йил 28 январда Москвадан Бакуга қайтаётган самолёт бортида туғилган. Отаси Измирда туғилган турк ва онаси Эрондаги озарбайжонлардан бўлган. Лайлонинг болалиги Эроннинг Машҳад шаҳрида ўтган ва мактаб таҳсилини ҳам форс мамлакатида олган. Оила 1950 йилларнинг иккинчи ярмида Эронни тарк этган ва ўша пайтдаги Тожикистон ССРга кўчиб ўтган.
Лайло Шарипова 1959 йилда Душанбе мусиқа билим юртини тамомлаган, республика телевидение ва радио қўмитасининг бадиий жамоасида хонанда бўлиб ишлаган ва айни пайтда тожик радиоси дастурларини форс тилида ўқиган. Садриддин Айний номидаги Тожикистон опера ва балет театрида солист бўлиб фаолият кўрсатган. 1964 йилда Қўмита қошида биринчи “Гулшан” эстрада ансамблини ташкил этиб, унинг бадиий раҳбари бўлган.
Марҳума Ўзбекистонда Евгений Живаев раҳбарлигидаги Ўзбекистон телевидениеси ва радиоси халқ чолғу асбоблари ансамбли, Озарбайжонда Одил Бакиров раҳбарлигидаги “Хотира” халқ чолғу асбоблари ансамбли, Гулора Алиева раҳбарлигидаги “Тонг юлдузи” чолғу асбоблари ансамбли жўрлигида чиқиш қилган. 1962 йилда Ўзбекистон телевидениесида унинг турли тилларда куйлаган тароналари суратга олинган. 1967 йилда Тожикистонни тарк этган хонанда бирмунча вақт фаолиятини Озарбайжонда давом эттирган.
Шарипова Совет Иттифоқи парчалангандан сўнг Германиянинг Дюссельдорф шаҳрига кўчиб ўтган ва вафотига қадар ўша ерда умргузаронлик қилган.
Лайло Шарипова турк, озарбайжон, ўзбек, араб, ҳинд, рус ва бошқа тилларда кўплаб қўшиқлар куйлаган. Тожик радиоси хазинасида “Жонона”, “Ойижоним”, “Эй гул шоҳи”, “Қора кўз”, “Ўзингда”, “Қайдасан”, “Марямжон”, “Огоҳ бўл”, “Пери шоҳи”, “Саҳаргоҳон” , “Бир кеча”, “Райҳон”, “Кел, дўстим”, “Тожикистон мададкорим”, “Алла”, “Сурмасиз гўзаллик”, “Кетдик, кетдик”, “Оч сенинг кўзлар”, “Парижон”, “Ҳадя”, “Кутаман”, “Эй Маҳи Инду”, “Гули Хандонам”, “Халважи”, “Оқ каптарим” каби қўшиқлари сақланиб қолган.
У сўнгги йилларда Германияда ижод билан шуғулланиб, шеър ва ҳикоялар ёзган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 февраль куни таниқли клипмейкер Жасур Шаметов вафот этган эди.
LiveБарчаси