Ўзбекистон ва Тожикистон Бош вазирлари Хивада учрашди

Жамият

image

Бугун, 15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода ҳамраислигида Хива шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ҳукумат порталида хабар берилди.

Қайд этилишича, йиғилишда сўнгги йилларда Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилгани, мамлакатлар ўртасидаги иттифоқчилик алоқалари амалий жиҳатдан мустаҳкамланиб бораётгани, бунда айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ўртасидаги ишончли муносабатлар ҳамда уларнинг сиёсий иродалари муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланган.

Йиғилишда асосий эътибор савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларга қаратилган.

Маълум қилинишича, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми охирги беш йилда икки баробар ўсган. Қўшма корхоналар сони уч юздан ошган. Бу кўрсаткич доимий равишда ўсиб бормоқда. Шу билан бирга, товар айланмаси кўрсаткичи мамлакатлар салоҳиятига тўлақонли мос келмайди ва ҳали фойдаланмаган барча имкониятлар мавжуд.

Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари ҳукуматлар зиммасига 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйган. Йиғилишда бунинг учун саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш, транспорт ва коммуникация соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, сув ресурслари ва энергетика соҳасида ўзаро манфаатли самарали ҳамкорликни давом эттириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни изчил давом эттириш, мамлакатлар ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги билдирилган.

Якунда Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ўн иккинчи йиғилиши баёни имзоланди. Шунингдек, икки мамлакат Бош вазирлари биргаликда Хивадаги Ичан қалъага ташриф буюрган. “Очиқ осмон остидаги музей” дея эътироф этиладиган  мазкур Марказий Осиёда сақланиб қолган бирдан-бир бутун бошли шаҳар Тожикистон делегациясида катта таассурот қолдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Ўзбекистон Абдулла Арипов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг