Расман: Тожикистонда ишсизлар деярли йўқлиги айтилди
Олам
−
16 Апрель
4968Тожикистонда ишсизлик кўрсаткичи Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида энг яхши кўрсаткични ташкил қилди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.
Республика Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг расмий статистик маълумотларига кўра, 2024 йилнинг декабрь ойида ишсизлик даражаси 1,9 фоизни ташкил этди. Мамлакатнинг меҳнат ресурслари 2,7 миллион кишини ташкил қилади, уларнинг 98,1 фоизи иқтисодиётда иштирок этади.
Расмий рўйхатга олинган ишсизлар сони 51,4 минг нафарни ташкил этади, бу 2023 йилнинг декабрига нисбатан 6,3 фоизга кўпдир.
Бироқ, мамлакатда иш билан таъминлашнинг реал ҳолати расмий маълумотлардан фарқ қилади. Мисол учун, Жаҳон банки маълумотларига кўра, Тожикистонда ишсизлик даражаси 11,5 фоизни ташкил қилади ва мамлакат бу кўрсаткич бўйича МДҲда иккинчи ўринда туради.
Нашр тақдим қилган маълумотга кўра, ишсизлик кўрсаткичи энг юқори давлат сифатида Арманистон (13,2 фоиз) кўрсатилган. Унда кейинги ўринларда Озарбайжон (5,4 фоиз), Қозоғистон (4,6 фоиз), Ўзбекистон (4,5 фоиз), Туркманистон (4,1 фоиз), Беларусь (3 фоиз), Россия (2,3 фоиз) ҳамда Қирғизистон (2,1 фоиз) кўрсатилган.
Тожикистонда юқори малакали иш ўринлари етишмайди ва мавжуд бўш иш ўринлари кўпинча паст маошни таклиф қилади. Шу муносабат билан кўплаб тожикистонликлар чет элда иш изламоқда. Ҳозирда мамлакатнинг миллиондан ортиқ фуқароси миграцияда бўлиб, у ерда қийинчиликларга қарамай, ўз ватанидагидан кўра кўпроқ маошли иш топиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси 2024 йилнинг бошига нисбатан 1 фоиз пунктга ёки 6,8 фоиздан 5,8 фоизга камайганди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги берган маълумотга кўра, ўтган йилнинг июль ойи ҳолатига кўра, мамлакат аҳолисининг 15 миллион 89 минг нафари (41 фоиз) иқтисодий фаол, яъни меҳнат қилишга тайёр аҳоли ҳисобланади. Шундан, 14 миллион 213 минг нафари (94 фоизи) иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилмоқда.