“Самога сочилган юлдузлар”. 47 йил олдинги “Пахтакор” фожиасига назар
Спорт
−
11 август 1631 7 дақиқа
1979 йил 11 август, шанба куни авиация тарихидаги энг йирик фожиалардан бири содир бўлди. Шу куни “Аэрофлот” авиакомпаниясининг иккита Ту-134 самолёти Днепродзержинск, ҳозирги Каменское шаҳри яқинида, 8400 метр баландликда ҳавода тўқнашиб кетди.
Ҳалокат оқибатида икки самолёт бортида бўлган 178 нафар инсоннинг барчаси ҳалок бўлди. Улардан 94 нафари СУ-7628 рейсида, 84 нафари эса СУ-7880 рейсида бўлган. Қурбонлар орасида 36 нафар бола ҳам бор эди. СУ-7880 рейси бортида эса Тошкентнинг “Пахтакор” футбол жамоасининг 17 нафар аъзоси бўлгани сабабли ушбу фожиа Ўзбекистонда ва собиқ совет иттифоқи ҳудудида алоҳида акс-садо берди.
“Пахтакор” жамоаси Минскка йўл олган эди
1979 йил 11 август куни “Пахтакор” футбол клубининг деярли бутун жамоаси Минскка йўл олди. Тошкентликлар 1979 йилги СССР чемпионати доирасида маҳаллий “Динамо” жамоасига қарши учрашувда иштирок этиши керак эди. Маҳаллий вақт билан соат 13:11 да СУ-7880 рейси Донецк аэропортидан ҳавога кўтарилди ва 5700 метр баландликка чиқди. Самолёт бортида етти нафар экипаж аъзосидан ташқари 77 нафар йўловчи бор эди. Улар орасида 12 нафар бола ва 65 нафар катта ёшли инсон, шунингдек, “Пахтакор” футбол жамоаси аъзолари ҳам бўлган. Жамоанинг икки аъзоси мазкур сафарга йўл олмаган. Ҳимоячи Анатолий Могильний номаълум сабабларга кўра самолётга чиқмаган. Жамоанинг массажчиси Анатолий Дворников эса парвозга кечиккан. Могильнийнинг ўрнига ярим ҳимоячи Михаил Ан самолётга чиққан. Дастлаб у оёғидаги жароҳат сабаб мазкур сафарда бўлмаслиги керак эди. Бироқ жамоадошлари уни Минскка боришга кўндирган. Жамоа бош мураббийи Олег Базилевич эса фожиага учраган самолётда бўлмаган. У бир кун аввал рафиқаси ва ўғлини кўриш учун Сочига учиб кетган, кейин эса Минскда жамоага қўшилиши керак эди.
Тўқнашувдан олдинги сўнгги дақиқалар
Фожиага яқин дақиқаларда икки самолёт ҳам белгиланган йўналишлар бўйлаб ҳаракатланаётган бўлган. Кейинчалик улардан бири чап томонга 4 километрга, иккинчиси эса 500 метрга оғгани аниқланди. Соат 13:35 ва 13:38 оралиғида икки самолёт ҳам бирин-кетин радар экранларидан йўқолган.
Соат 13:37 да Днепропетровск авиация бирлашмасига тегишли Ан-2 самолёти капитани Игорь Чернов Харьков бошқарув маркази билан боғланиб, осмондан қандайдир нарсалар тушаётганини хабар қилган. У бир неча дақиқадан кейин яна диспетчер билан алоқага чиқиб, Куриловка қишлоғи ҳудудида самолёт қисмларининг қулаб тушаётганини айтган. Унинг тахминича, бу Ту-134 самолёти бўлган.
Соат 13:35:38 да, яъни ер билан сўнгги марта алоқа қилинганидан 1 дақиқа 5 сония ўтгач, Беларусь Ту-134 самолёти, яъни 65735 борт рақамли лайнер, Молдавия Ту-134 самолёти – 65816 борт рақамли лайнер билан ҳавода тўқнашган. Тўқнашув 8400 метр баландликда содир бўлган. Зарба шу қадар кучли бўлган-ки, икки самолёт ҳам жиддий шикастланиб, ҳавода парчалана бошлаган.
Тўқнашув пайтида Беларусь самолётининг ўнг қаноти Молдавия самолёти кабинасининг олд қисмига зарба берган. Оқибатда тўрт нафар учувчининг барчаси ҳалок бўлган. Молдавия самолётининг ўнг қанотининг бир қисми узилиб, унинг бўлаклари ўнг двигателга кириб кетган.
“Пахтакор” жамоаси аъзолари бўлган Беларусь Ту-134 самолёти Куриловка қишлоғидан тахминан икки километр шимоли-шарқда ҳалокатга учраган.
Молдавия самолётининг фюзеляжининг ўрта қисми ва қанотининг марказий қисми Куриловкадан 3,5 километр жануби-шарқда ерга тушган. Самолётнинг айрим қисмлари Днепр дарёси бўйидан, ҳатто ўнг қўниш шассиси эса дарёнинг ўзидан топилган. Самолётнинг қолган қисмлари – қанот, дум ва бурин бўлаклари Куриловка, Николаевка ва Елизаветовка қишлоқлари ҳудудида катта майдонга сочилиб кетган. Вайроналар тарқалган ҳудуднинг умумий майдони тахминан 16 километрга 3 километрни ташкил этган.
Икки самолёт бортида бўлган 178 нафар инсоннинг барчаси ҳалок бўлган. Улар орасида 36 нафар бола ва “Пахтакор” футбол жамоасининг 17 нафар аъзоси ҳам бўлган.
Фожиа сабаби нима эди?
Тергов ва техник экспертиза жараёнида икки самолётда ҳам тўқнашувдан олдин портлаш ёки ёнғин бўлмагани аниқланган. Самолётларнинг техник жиҳозлари ишлаётган бўлган. Икки лайнернинг ҳам парвоз оғирлиги ва мувозанати белгиланган меъёрлар доирасида экани қайд этилган. Шунингдек, ўша куни мазкур ҳудудда ҳаво шарлари учирилмаган, ҳарбий машғулотлар ҳам ўтказилмаган.
Самолётларга техник хизмат кўрсатиш жараёнида ҳам ҳалокатга олиб келиши мумкин бўлган жиддий нуқсонлар аниқланмаган. Техник хизмат кўрсатиш белгиланган қоидалар асосида амалга оширилган. Воронеж ва Донецк аэропортларида самолётларни юклаш, ёқилғи билан таъминлаш ёки мувозанатлаш билан боғлиқ қоидабузарликлар қайд этилмаган.
Бортларда тақиқланган ёки фавқулодда вазиятга олиб келиши мумкин бўлган буюмлар ҳам топилмаган. Ҳаво ҳаракатини бошқариш, радиотехника, навигация ва алоқа жиҳозларининг ҳолати ҳам фожиага сабаб бўлган, деб ҳисобланмаган. Комиссия икки самолёт экипажларининг касбий тайёргарлиги даражасини ҳам ҳалокат сабаби сифатида кўрсатмаган. Текширув натижасида асосий сабаб сифатида ҳаво ҳаракатини бошқаришдаги хатолар кўрсатилган.
Комиссия хулосасига кўра, соат 13:34:24 да диспетчер В.А. Сумский 65735-рейс экипажига 9000 метр баландликка кўтарилиш бўйича буйруқ беришни бошлаган. Унинг гапи орасида “735-чи, сиз 9 ни оласиз, Днепродзержинск устидан кесишган 8400...” мазмунидаги кўрсатма бўлган.
Бироқ соат 13:34:27 да бошқа самолёт билан алоқага уриниш пайтида радиоэфирдаги хабарлар бир-бирининг устига тушган. Шу вақтда 9600 метр баландликка кўтарилиш буйруғини олган Ўзбекистон Фуқаро авиацияси бошқармасига тегишли Ил-62 самолёти экипажи ҳам эфирда бўлган.
Экспертлар таҳлилига кўра, “Днепродзержинск устидан кесишган 8400” деган хабарнинг охирги қисми айнан Ўзбекистон Ил-62 самолёти экипажи томонидан эшитилган ва нотўғри тушунилган. Яъни “Тушундим, 676-чи, 8400” мазмунидаги хабар Беларусь Ту-134 самолётидан эмас, балки Ўзбекистон Ил-62 самолётидан келган.
Вазиятнинг яна бир муҳим омили радиоэфирдаги юклама жуда юқори бўлгани эди. Ҳалокатдан олдинги бир неча дақиқа давомида радиоалоқа кескин кўпайган ва натижада бир нечта хабарлар бир вақтнинг ўзида эфирга чиқиб, бир-бирини тўсиб қўйган.
Диспетчер Сумскийнинг асосий хатоси эса тушунарсиз жавоб олганидан кейин уни қайта текширмагани бўлган. Айниқса, жавобда самолётнинг чақирув белгиси аниқ айтилмаган бўлса-да, диспетчер 65735-рейс экипажи буйруқни тўғри тушунган-тушунмаганини қайта сўрамаган. Шу билан бирга, ўша пайтда диспетчер вазифасини бажараётган парвоз директори иш жойида бўлмагани ҳам хавфли вазиятнинг олдини олиш имкониятини пасайтирган.
Диспетчерлар суд қилинди
Комиссия якуний хулосада фожиага Жануби-ғарбий сектор диспетчери ва диспетчер-инструкторнинг парвоз эшелонларини белгилаш, самолётлар ўртасида белгиланган оралиқни таъминлаш ҳамда радиоалоқа фразеологияси қоидаларига риоя қилиш борасидаги хатолари сабаб бўлганини қайд этган.
Ҳалокатдан тўққиз ой ўтгач, суд жараёни бўлиб ўтган. Унда диспетчерлар Николай Жуковский ва Владимир Сумский 15 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган. Владимир Сумский жазонинг 6,5 йилини ўтаганидан сўнг, 1986 йилда яхши хулқи учун озод қилинган. 2005 йилдаги маълумотларга кўра, у Харьков шаҳрида яшаган.
Жуковский ҳақида эса “Пахтакор”нинг собиқ футболчиси Тўлаган Исоқов уни жазосини ўтаб бўлганидан кейин табиий ўлим билан вафот этганини айтган. Смена бошлиғи Сергей Сергеевнинг судга тортилган ёки тортилмагани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Фақат унинг қамоқ жазосига ҳукм қилинмагани маълум.
“Пахтакор” хотираси
1979 йил 11 августдаги фожиа Тошкент ва бутун Ўзбекистон футболи тарихида ўчмас из қолдирди. Бир самолётда бутун бир футбол жамоасининг деярли тўлиқ таркиби ҳаётдан кўз юмгани ушбу ҳалокатни оддий авиация фожиасидан кўра янада оғирроқ воқеага айлантирди.
“Пахтакор” футболчилари Минскка навбатдаги чемпионат учрашувида иштирок этиш учун йўл олган эди. Улар орасида футболчилар, жамоа ходимлари ва мутахассислар бор эди. Бир неча соатдан кейин эса уларнинг барчаси тарихда қолган энг оғир фожиалардан бирининг қурбонига айланди. Днепродзержинск устидаги ушбу ҳалокат 2021 йил ҳолатига кўра Ту-134 самолёти тарихидаги энг йирик ҳалокат бўлиб қолган. Шунингдек, у содир бўлган пайтда СССР ҳудудидаги энг йирик авиация фожиаларидан бири эди.
Орадан ўнлаб йиллар ўтганига қарамай, 11 август санаси “Пахтакор” ва ўзбек футболи тарихида энг оғир кунлардан бири сифатида хотирланади. Ўша куни ҳалок бўлган 17 нафар “Пахтакор” аъзоси номи эса Ўзбекистон футболи тарихида абадий қолди.
Бугун, 11 август – ушбу фожиага 47 йил тўлган санада “Пахтакор” ОФК Элит Чемпионлар лигаси асосий босқичига йўл олиш учун ҳал қилувчи баҳсда Иорданиянинг “Ал Ҳуссайн” жамоасига қарши майдонга тушади.
Тарихий ва рамзий кунга тўғри келган мазкур учрашувда мухлислар “шерлар”дан муносиб ўйин, матонат ва энг муҳими, ғалабани кутмоқда. Бир вақтлар осмонда узилган “Пахтакор” тақдири бугун майдонда давом этади.
Live
БарчасиБлогер Азиз Ҳакимов 4 йилга қамалди
11 август
Путин ҳеч нарсадан қўрқмаслигини айтди
11 август