Самарқандда ота ва унинг икки ўғли юк машиналарини ёқиб юборди

3-саҳифа

image

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида ота ва унинг икки ўғли юк машиналарига бензин сепиб, уларни ёқиб юборди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 28 ноябрь куни Тойлоқ тумани Беклар маҳалласи ҳудудида яшовчи 40 ёшли фуқаро K.A. қўшни маҳаллада истиқомат қилувчи, ўзига олдиндан таниш бўлган 35 ёшли Ғ.Р. ва 34 ёшли Н.Р. билан ўрталарида юзага келган ўзаро келишмовчилик туфайли жанжаллашган. Мазкур жанжалдан сўнг соат 21:50 да K.A. ўзининг 20 ва 18 ёшли фарзандлари билан Ғ.Р ва Н.Р. бошқарувида бўлган юк автомашиналарига бензин сепиб, ёқиб юборган.

ИИБга кўра, ёнғин зудлик билан бартараф этилиб, бошқа транспорт воситалари ва улардаги юкларга зарар етказилишининг олди олинган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ёнғин видеосида гумонланувчининг ўғиллари Damas’дан тушиб, дастлаб иккита Камаз’ни, сўнгра яна битта фурани ёқиб юборгани акс этган. Йигитлардан бири бензин сепган, иккинчиси эса ўт қўйган.

Мазкур ҳолат юзасидан 29 ноябрь куни Тойлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Андижон тумани, Зангибобо маҳалласида куёв қайнотасининг уйига бориб, унинг автомобилини ёқиб кетганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд ИИБ жиноят иши КамАЗ юк машиналари Тойлоқ тумани

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг