Самарқандда муштумзўр BYD ҳайдовчисини дўппослади (видео)
3-саҳифа
−
11:46 3399 2 дақиқа
Самарқандда йўлнинг қатнов қисмида тўхтаб олиб, муштумзўрлик қилган Gentra автомобили ҳайдовчиси ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса аввалида Gentra ҳайдовчиси автомашинаси билан BYD ҳайдовчисининг йўналишига чиқиб олгани сабабли оғзаки тортишув бўлган. Шундан сўнг у BYD ҳайдовчиси ортидан қувиб, уни жаҳл устида урган.
“Gentra русумли автомашинам билан BYD ҳайдовчисининг йўналишига озгина чиқиб кетганим сабабли оғзаки тортишув бўлди. Шундан сўнг унинг ортидан қувиб, жаҳл устида уни урганим учун ҳайдовчидан ҳам, ГАИ ходимларидан ҳам узр сўрайман”, деган ҳайдовчи.
BYD ҳайдовчисининг айтишича, Gentra ҳайдовчиси унга йўл бермагани сабабли бир неча марта машинасини қисишга уринган. Шундан сўнг ҳайдовчилар йўлда тўхтаган ва улар ўртасида жанжал келиб чиққан.
Билдирилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-5-модданинг (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши) иккинчи қисми ҳамда профилактика инспектори томонидан майда безорилик содир этганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига (Майда безорилик) асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига юборилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида йўл ҳаракати қоидасини бузиб, бошқа ҳайдовчини ҳақорат қилган фуқаро 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Live
Барчаси