Чирчиқда “автотеррорчи” 15 суткага қамалди (видео)
3-саҳифа
−
11:17 1278 2 дақиқа
Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида йўл безорилиги қилиб, бошқа ҳайдовчини ҳақорат қилган фуқаро 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳрида ҳайдовчининг бошқа фуқарони йўлда сиқиб, автомобилини тўхтатгани ва уни ҳақорат қилгани акс этган видеолар тарқалган. Ҳолат юзасидан ички ишлар ходимлари томонидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилиб, ҳайдовчи ва транспорт воситаси аниқланган.
Суриштирувлар давомида ҳайдовчи бундан аввал ҳам 13 маротаба турли кўринишдаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этгани, ҳайдовчилик гувоҳномасиз автомобиль бошқаргани ҳамда ички ишлар органлари ходимларига бўйсунмаслик ҳолатлари мавжудлиги аниқланган.
Ҳайдовчи ҳолат юзасидан берган изоҳида светофорда бошқа ҳайдовчи билан “сиқишиб қолганини”, кейинчалик унинг автомобилини сиқиб, тўхтатганини айтган. Машина эшиги очилмагач, бошқа ҳайдовчининг онасини ҳақорат қилганини тан олган.
У бировнинг онасини ҳақорат қилишга ҳеч ким унга ҳуқуқ бермаганини айтиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-10-моддаси (Йўл безорилиги) ҳамда ҳақорат қилганлиги сабабли 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) га асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, суд органларига юборилган.
Шундан сўнг, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судида ушбу иш кўриб чиқилган. Суд жараёнида ҳайдовчи ва жабрланувчининг фикрлари тингланиб, зарур процессуал ҳаракатлар амалга оширилган ҳамда видеотасвирлар томоша қилинган.
Суд ҳайдовчини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш), 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) иккинчи қисми, 183-моддаси (Майда безорилик) ҳамда 128-10-моддаси (Йўл безорилиги) иккинчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топган.
Кодекснинг 34-моддаси (Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш) тартибида унга узил-кесил 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда такси ҳайдовчиси ва йўловчи ўртасидаги можаро ортидан ҳайдовчига куч ишлатган блогер қамоққа олинган эди.
Live
БарчасиТиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди
28 август
Мактабларда қамров 78 фоизга оширилди
28 август