Самарқандда ШҲТ плюс форматидаги илк экспертлар мулоқоти ўтказилади

Local

−

image

Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг 5–6 ноябрь кунлари хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс форматидаги биринчи экспертлар мулоқоти бўлиб ўтади. Унда 24 та давлатдан 33 та делегация ҳамда 5 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мулоқот “Рақамли трансформация даврида хавфсизлик: янги технологиялар ривожланишини ҳисобга олган ҳолда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш” мавзусига бағишланади. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбонов раислигида ўтказилади.

Мазкур форматни ташкил этиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган. Бу таклиф илк бор 2024 йилда ШҲТнинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган саммитида билдирилган. 2025 йилда эса Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида ўтказилган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида илк экспертлар мулоқотини Самарқандда ташкил этиш таклиф қилинган.

Учрашувда ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар ва мулоқот бўйича ҳамкорларнинг махсус хизматлари раҳбарлари ҳамда вакиллари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва таклиф этилган меҳмонлар қатнашади. Мулоқот давомида илғор технологиялар ва сунъий интеллектнинг замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга таъсири юзасидан фикр алмашилади.

Шунингдек, музокаралар якунида делегациялар раҳбарлари рақамли трансформация даврида халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорликнинг аниқ вазифалари ва устувор йўналишларини белгилаб олади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends