Жаҳон банки Самарқандда тиббий хизматлар учун 100 млн доллар ажратади

−

image

Жаҳон банки Ўзбекистонга Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимини ривожлантириш учун 100 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг расмий сайтида хабар берилди.

Маълумотларга кўра, маблағ Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) томонидан ажратилади. У Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдамидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, сурункали касалликларни аниқлаш ва даволашни кучайтиришга йўналтирилади. “Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш натижаларини тизимли такомиллаштириш” (SHIFO-1) дастури аҳоли саломатлигини яхшилаш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва тиббиёт ходимлари малакасини ошириш орқали қарийб 28,8 мингта қўшимча ҳамда юқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратилишига кўмаклашиши кутилмоқда.

Дастур доирасида Самарқанд вилоятидаги 400 дан ортиқ оилавий поликлиникани модернизация қилиш режалаштирилган. Қайд этилишича, вилоятда тахминан 4,3 млн аҳоли истиқомат қилади. Шунингдек, 6 400 нафардан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, 1 250 нафар оилавий шифокор ва 5 000 нафар ҳамшира ўқитилади ҳамда сертификатланади.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг қарийб 80 фоизини аёллар ташкил этиши инобатга олиниб, уларни ўқитишга устувор аҳамият қаратилади. Бундан ташқари, миллий рақамли соғлиқни сақлаш платформаси – D-MED имкониятлари кенгайтирилади. Платформага беморларнинг рақамли реестри ва аҳоли саломатлигини бошқаришни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча воситалар киритилади.

Ушбу янгиланишлар орқали 330 минг нафар катта ёшли аҳолини юрак-қон томир касалликлари хавфи бўйича скринингдан ўтказиш ва 250 минг нафар беморнинг даволаниш жараёнини яқиндан кузатиб бориш имкони яратилади. SHIFO-1 дастури Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа ихтисослаштирилган идоралар томонидан 2028 йил декабрига қадар амалга оширилади.

Дастурнинг умумий қиймати 525 млн долларни ташкил этади. Шундан 425 млн доллари Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштирилади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends